25 January 2017
08:40 - Шавкат Мирзиёга шаҳарларда арзон кўп хонадонли уйлар қуриш масалаҳатини Ражаб Эрдўғон берган экан, “Ҳаракат”нинг маслаҳати ундан ҳам муҳим
Кечагина “Шавкат Мирзиё одамларга арзон уйлар қуриб берувчи ширкат тузди, яна бир порахўрлик ўчоғи яратилди” сарлавҳали хабаримизда Ўзбекистон Президенти ўз қарори билан “Ўзшаҳарқурилишинвест” республика ихтисослаштирилган инжиниринг компаниясини ташкил қилгани, бу ширкатга кўп хонадонли уйларни қуриш вазифаси берилгани ва қурилган уйларни имтиёзли ипотека кредитлари ҳисобига аҳолига сотиш режелаштирилгани айтилган эди.

Туркиядаги энг катта Миллиёт газетасининг айнан кечаги хабарида айтилишича, ҳозир расмий ташриф билан Африканинг Мозамбик давлатида бўлган Туркия Президенти Ражаб Эрдўғон ўша ердаги чиқишларидан бирида шундай дебди: “Биздаги Кўп Хонадонли Уй-жойлар Қуриш Идораси охирги 14 йилда (яъни Эрдўғон ҳокимиятга келгандан бери – “Ҳаракат”) 760 минг уй-жой қурди, Мозамбикда ҳам шундай қилиниши керак”.

Интернетдан олинган маълумотларга кўра, Туркияда 1984 йили яратилган Кўп Хонадонли Уй-жойлар Қуриш Идораси лойиҳаси доирасида ўрта ва ундан ҳам кам даромадли оилалар учун уй-жойлар қурилади. Туркиянинг 100 йиллиги қутланадиган 2013 йилгача қуриладиган уйларнинг сонини 1 миллионга чиқариш режалаштирилмоқда.

100 фоиз эҳтимоллик билан тахмин қилиш мумкинки, Ўзбекистонда ҳам шундай лойиҳа яратиш маслаҳатини Шавкат Мирзиёга Ражаб Эрдўғон уларнинг Самарқанддаги учрашув пайтида берган.

Туркия ўз иқтисодининг кучи билан биздан 8-10 баравар кучли, демак, ўртача ойлик ҳам биздан 8-10 баравар катта, у мамлакатдаги кам даромадликлар ҳам биздагилардан 8-10 баравар бойроқ. Улар давлат қурган арзон уйларни сотиб ололсалар керак. Аммо, ўртача ойлиги 30-40 доллар бўлган Мозамбикдаги ва ўртача ойлик 90 доллар бўлган Ўзбекистондаги кам даромадлилар давлат курган арзон уйларни имтиёзли ипотека кридитлари билан ҳам тўлай олмайдилар.

Шундай экан, аввалги хабаримизда ҳам айтилган фикрни қайтаришдан фойда бор: “Бу каби лойиҳалар ҳам керакдир, аммо, биринчи навбатда, Ўзбекистонни қашшоқликдан чиқаришга қаратилган ислоҳотлар билан шуғулланиш зарур. Аммо, Шавкат Мирзиё бу йўналишда ҳали ҳеч нарса қилаёгани йўқ.”