21 December 2016
20:19 - Яхши хабар: Шавкат Мирзиё Ўзбекистонда яшаётган 179 нафар шахсга фуқаролик берди
Ўзбекистон Респбуликаси Президенти Шавкат Мирзиё кеча матбуотда эълон қилинган фармони билан мамлакатда истиқомат қилиб келаётган 179 нафар кишига ЎЗбекистон фуқаролигини берди. Шу муносабат билан тарқатилган расмий хабарда: “Ўзбекистон Республикаси фуқаролигига ушбу юқори мақомга энг муносиб инсонларни, айниқса республикада таваллуд топиб, турли сабабларга кўра «Ўзбекистон Республикаси фуқаролиги тўғрисида»ги қонуннинг кучга кириши пайтида мамлакат ташқарисида бўлган шахсларни қабул қилиш бўйича мурожаатларни кўриб чиқиш ҳамда бунинг юзасидан асосли қарорларни қабул қилиш долзарблик касб этмоқда” дейилади.

Президент Фармонига илова қилинган шахсларнинг исми-шарифлари матбуотда чоп қилинди. Афсуски, улар орасида фуқаролик жамият вакиллари ёки мухолифатга дахлдор бирор шахснинг номи зикр қилинмаган. “Ушбу чоралар реализацияси халқаро ҳуқуқнинг умумэътироф этилган принципларига тўла мувофиқ келади ҳамда шахсларнинг, шу жумладан, ўзбек ерида туғилиб ўсган, Ватанимиз ривожига ва гуллаб-яшнашига муносиб қўшаётган шахслар манфаатларини инобатга олади”, — деб таъкидланади фармонда.

Аслида Шавкат Мирзиё тобора долзарблиги ортиб бораётган меҳнат миграцияси ғояси муаллифи ва мухолифатчи, собиқ СССР парламенти депутати Пўлат Охуннинг фуқаролигини тиклаши керак эди. Маълумки, Пўлат Охун марҳум режимбоши Ислом Карим томонидан фуқароликдан чиқарилган ва ҳозирда хорижда яшаб келмоқда.

Шавкат Мирзиёнинг кечаги фармонини тўғри йўналишда қилинган қадам деб ҳисоблаб, шу йўналишда ишлар давом эттирилади, деб умид қилиш керак.