21 December 2016
07:49 - Истанбулнинг Осиё ва Европа қисмларини бирлаштирувчи туннел очилди, Эрдўғон сиёсий лекция ўқиди

Кеча Истанбулнинг Осиё ва Европа қисмларини бирлаштирувчи Евросиё (туркча – Avrasya)
номли биринчи туннелнинг очилиш маросими бўлди. Турк расмийлари бир кун аввал Анқарада рус элчиси отиб ўлдиргани туфайли туннелнинг очилиш маросимини орқага суриш ҳақида ҳам ўйлашибди, аммо орқага суришмабди.

Очилиш маросимида Президент Ражаб Эрдўғон ва Бош вазир Бинали Йилдирим турумуш ўртоқлари билан ва яна кўп расмийлар қатнашдилар. Бу ерда нутқ сўзлаган Ражаб Эрдўғон ўзи раҳбарлигида буюк ишлар қилинаётгани, бу ишлардан биттаси шу туннелнинг қурилиши эканлиги ҳақида гапирмади ҳисоб ва асосан Сурияда бўлаётган воқеалар, фатхулла-гуленчиларнинг терористлиги ҳамда Туркия душманлиги, рус элчисининг қотили орқасида ҳам улар тургани ҳақида лекция ўқиди.

Маълумки, Истанбулнинг Европа ва Осиё қисмлари ўртасидаги Босфор бўғози (турклар Босфор сўзини ишлатмасдан, “бўғоз” дейдилар) устида 3 та кўприк қурилган. Мана энди туннел ҳам очилди. У икки қаватли, узунлиги 14,6 км, бўғоз остидаги қисми 5,4 км. Ер остидаги энг чуқур жойи 106 метр.

Бу туннел Қора денгиз билан Мармара денгизини бирлаштирувчи бўғознинг Мармара денгизига ёпишган жойидадир. Шаҳарнинг айнан Мармара денгизи яқинларида яшови ёки ишловчи истанбулликлар бўғознинг у ёғидан бу ёғига ўтиш учун анча наридаги кўрприкдан фойдаланишарди, бунга тахминан 1,5 соат сарфлашарди, энди улар туннелдан фойдаланиб 15 дақиқада у тарафдан бу тарафга ўтиш имконияга эга бўладилар.

Табиий, туннелдан ўтиш пулли: 15 турк лираси (5 доллар атрофида). Туннел ҳозирча соат 7 дан 21 гача ишлайди, 30 январдан 24 соат очиқ бўлади.