21 December 2016
02:13 - Москвада Россия, Эрон, Туркия ташқи ишлар вазирларининг йиғилиши бўлиб ўтди. Нималар ҳал қилинди? Энг катта зарарни ким кўради?
Аслида Россия, Эрон, Туркия ташқи ишлар вазирлари Сергей Лавров, Жавод Зариф ва Мевлут Човушўғлии иштирокидаги йиғилиш келаси йилнинг янаварь ойи охирларида ўтказилиши режалаштирилган экан, аммо Сурияда бўлаётган жараёнлар тезлашгани туфайли, бир неча кун аввал, уни 20 декабрга ўтказишга келишишибди.

Суриядаги воқеаларни тўғри тушуниш ва баҳолаш ҳам қийин. Сурия расмийлари охирги йилларда ИШИД қўлида бўлган бу мамлакатнинг энг катта шаҳри Алеппо озод қилинганини айтмоқдалар. Сурия Президенти Башар Асад “Алеппонинг озод қилиниш куни – пайғамбарларнинг туғилган кунларидан кейин ёки Иккинчи Жаҳон Уруши тугагандан кейин янги давр бошлангани каби - янги бир даврнинг бошланишидир дейишгача борди.

Ҳозир эса, бу шаҳарнинг фақат шарқий қисми жиҳодчилардан озод қилингани айтилмоқда, аммо жиҳодчилар деганда ким назарда тутилаётган, ИШИД нима бўлгани тилга олинаётгани йўқ. Бунинг устига шаҳарнинг озод қилинган қисмидан ўн минглаб тинч аҳоли олиб чиқиб кетилаётгани айтилмоқда. Шаҳарнинг бошқа қисми ҳали ҳам ИШИДчилар қўлидами, улар шаҳарнинг озод қилинган қисмини қайта босиб олишларидан қўрқиб, тинч аҳолини у ердан олиб чиқиб кетишмоқдами, тушуниб бўлмайди.

Уч вазирнинг мақсади шу мураккаб вазиятни муҳокама қилиш бўлганлиги ўз-ўзидан маълум. Аммо, Москвадаги учрашувдан кейин уч вазир ўтказган матбуот конференциясида фақат умумий гаплар гапирилди, Алеппода нима бўлаётганини ҳали ҳам тушуниб бўлмайди.

Бу учрашувнинг яна бир муҳим жиҳати бор. Гап шундаки, узоқ йиллардан бери давом этаётган аввал Ғарб-СССР, кейин Ғарб-Россия қарама-қаршилигида, НАТОнинг аъзоси бўлган Туркия Ғарб тарафида эди, ҳозир Россия тарафига ўтиб олди ва Россия воситачилигида азалий душмани бўлган Эрон билан яқинлашди. Россия СССР замонидан бери Туркияни парчалаш ниятидаги курдларнинг ПКК ташкилотини қўллаб-қувватлаб келгани, қўллаб-қувватлшдан ҳалигача воз кечмагани ҳам сир эмас.

Бунинг устига, Москвадаги учрашувдан бир кун аввал Анқарада Россиянинг элчиси отиб ўлдирилди. Россия ва Туркия расмийлари элчининг қотили – бу икки мамлакатнинг сўнги ойлардаги ҳамкорлигини бузиш ниятида бўлган кучларнинг, тўғрироғи, фатхулла-гуленчиларнинг одами эканлигини иддао қилиб, ҳамкорлик бузилмаслигини урғуладилар. Путин ва Эрдўғон ҳам шу маънодаги баёнотлар бердилар. Қаранг, битта рус учоғи турклар тарафидан уриб туширилиши сабабли совуқ урушга кирган Россия ўз элчисининг ўлдирилишига кўз юмгандек бўлмоқда.

Хуллас, қаёққа қараманг, узоқни ўйламасдан, бугунги манфаатлардан келиб чиқувчи масхарабозларча гаплар гапирилмоқда, масхарабозча ҳаракатлар қилинмоқда. Катта сиёсатда бундай масхарабозликлар билан узоққа бориб бўлмайди. Энг катта зарарни Туркия кўради.