
Кеча Берлининг марказида Исо пайғамбарнинг туғилиш кунини нишонлаш арафасида ўтказилаётган тадбирлардан бири - ярмарка бўлаётган бир жойга катта юк автомашинаси билан одамлар устига қасддан юриш қилган Покистон ёки Афғонистон аслли қочқин 12 кишини ўлдириб, 48 кишини ярадор қилгани кечадан бери ҳамма эринмаган оммавий ахборот воситалари томонидан тўхтовсиз хабар қилинмоқда. Шу арзимаган воқеа бўйича Германия Канцлери Ангела Маркел махсус баёнот берибди, АҚШ Президенти Барак Обама билан телефонда гаплашибди, бугун эса Хавфсизлик Кенгашининг мажлисини ўтказмоқчи.
Биз бу воқеага ортиқча эътибор ҳам бермадик, бу ҳақда хабар ҳам бермадик, бермоқчи ҳам эмас эдик, дейди мухбиримиз. Чунки, биз кўпдан бери айтиб келаётганимиздек, ислом терроризмининг илдизлари Қуръоннинг хато тафсиридан келиб чиққан, аммо бугун Ислом дини тарафидан қабул қилинган хато тушунчалардадир. Демак, Ислом динида фундаментал ислоҳотлар ўтказилиб, Ислом дини, биринчи навбатда, дунёвийлик/секуляризм приниципини қабул қилмагунча, исломий терактлар давом этаверади.
Шундай экан, Ислом дини бундай ислоҳотлар ўтказишга тайёр эмаслигини ҳам ҳисобга олиб, автомобиль ҳалокатларида ҳар куни кўплаб одамлар ҳалок бўлаётганига кўникиб қолганимиздек, исломий терактларга ва уларнинг қурбонларига ҳам кўникишимиз керакми? Ёки тезроқ ислоҳотлар устида иш бошлаш, мусулмонларни бундай ислоҳотларга мажбурлаш керакми?
“Бирлик” Партияси лидери Абдураҳим Пўлат бу ҳақда АҚШ Президенти Барак Обамага 2015 йилнинг бошида, яъни тахминан 2 йил аввал хат ёзиб, ислоҳотларга тайёр бўлмаган мусулмонларга ёрдам бериш кераклигини урғулади. 2016 йили яна 2 та хат ёзди. Аввалига 3-4 сатрлик ташаккур хати билан жавоб берган АҚШ Президенти кейин анчагина тафсилотли жавоб ёзишга мажбур бўлди. Унинг қисқача мазмуни шундай: “Динлараро дўстликни мустаҳкамлаб бораверсак, бир-биримизга тоқатли бўлсак, ҳамма нарса яхши бўлиб кетади”.
Аммо, ҳозирча АҚШда хавфсизлик масаласига эътибор кун сайин кучайиб бораётгани, бу кетишда демократик АҚШ демократик қамоқхонага айланиб кетиши муқаррарлигини гапириб ўтиришга ҳам ҳожат йўқ. Савдо марказларини қўйиб туринг, каттароқ озиқ-овқат дўконлари эшиги олдида белига тўппонча таққан хавфсизлик хизматчилари пайдо бўлишга бошлади.
Кечагина, дейди Абдураҳим Пўлат, АҚШ фуқаролигини олиш ҳарактидагилар билан ишлайдиган, фуқаролик олишни ўйламаётган мен кабиларга бошқача ҳужжатлар берадиган давлат идорасига бордим. Аввал бўлмаган нарсани кўриб ҳайрон қолдим. Бу идорага кириш учун аэропортлардаги каби текширувдан ўтиш керак бўлиб қолибди.
Барак Обама ва унинг командаси янглишмоқдалар, дейишдан осони йўқ. Лекин, бир нарса аниқ. Ислом дини ислоҳотларга тайёр бўлмагандек, Ғарбнинг ўзи ҳам ислом терроризмининг илдизларини тушунишга ҳам тайёр эмас.
Нима ҳам дердик, Берлинда кеча бўлгани каби қонли воқеалар - Ғарбнинг қўзи тезроқ очилиши учун фойдалидир, деймиз.
Ҳа, дарвоқе, Барак Обама Абдураҳим Пўлатга ёзган хатидаги фикрларини Ангела Маркелга ҳам қайтарган бўлса-я? Бундай фикрларни эшитса, Ангела Маркел қўлидаги телеофн трубкасини отиб юбормасмиди?
Расмда – Берлиндаги терактда қурол сифатидан ишлатилган катта юк автомашинаси.