Ўзбекистондаги АҚШ элчилигининг матбуот хизмати кеча тарқатган пресс-релиздан маълум бўлишича, шу йилнинг 13-15 декабрь кунлари АҚШ Марказий қўмондонлиги қуруқликдаги қўшинлар қўмондони генерал Майкл Гаррет бир гуруҳ маслаҳатчи ва ёрдамчилар билан Ўзбекистонда бўлган. Пресс-релизда, жумладан, шундай сўзлар бор: “Унинг ташрифи хавфсизлик бўйича кенг кўламли ҳамкорлигимиз доирасида Ўзбекистон ҳукумати ва Мудофаа вазирлиги билан юқори даражада олиб борилаётган мулоқот давом этаётганидан далолат беради”.
Ташриф давомида бу делегация Ўзбекистон Мудофаа вазирлиги вакиллари билан учрашиб, Қуролли кучлар академиясида ўтган брифингда иштирок этган. Хавфсизлик соҳасидаги ҳамкорлик Қўшма Штатлар учун Ўзбекистоннинг суверенитети, мустақиллиги ва ҳудудий яхлитлигини қўллаб-қувватлашдаги бир воситадир. Самарали учрашувлар ва биринчи ташрифи якунидан сўнг, генерал Гаррет 15 декабрь куни Ўзбекистондан учиб кетди, дейилади пресс-релизда.
АҚШ ҳарбий делегациясининг Ўзбекистонга келиб кетгани, шубҳасиз, яхши воқеа, дейди мухбиримиз. Аммо, минг афсуски, элчихонанинг пресс-релизида Ўзбекистон билан сўнги йилларда қандайдир ҳамкорлик бўлгани, ёки ҳозир бўлаётгани ва келажакда бўлиши ҳақида ҳеч нарса дейилмайди. Биз бундай ҳамкорлик бўлишини истардик.