13 December 2016
07:49 - Ўзбекистонда касалхоналарни давлат тарафидан молиялаштириш камайтирилади

Мавжуд режимнинг қўғрчоқ ахборот воситалари ҳеч қандай таҳлилсиз тарқатаётган хабарларида “молиялаштиришни камайтириш” деган сўзлар ишлатилмайди, чунки, бундай сўзларни ишлатиш –  аҳволимиз ҳамма тарафдан ёмонлашиб бораётганини яна бир марта кўрсатиш бўларди.

Фақат рус ва инглиз тилларида ишлайдиган Uzbekistan Today интернет нашрига асосланиб тарқатилаётган хабарларда айтилишича, 2017 йилда Ўзбекистон соғлиқни сақлаш вазирлиги "Саломатлик-3" дастури доирасида туман шифохоналарини даволаш ҳолатлари бўйича молиялаш тизимини янгича қайта синовдан ўтказармиш. Шу пайтгача давлат туман шифохоналарини беморлар учун ажратилган ўринлар сонидан келиб чиқиб молиялаштирилган бўлса, энди касаллар сонига қараб молиялаштирилармиш.

Касаллар сони касахонадаги жойдан кўп бўлолмаслигини ҳисобга олсак, аслида, мақсад -касалхоналарни молиялаштиришни камайтиришдир. Тўғри, кўпинча касалхоналарда жой етишмагани сабабли, касалларни касалхона коридорларига ётқизишади, демак, касаллар сони касалхонадаги жойдан кўпаяди. Бундай ҳоллар кўпайиб кетаётган бўлса, касалхоналарда жойлар сонини ошириш ҳақида гапириш керак-ку!

Ўзбекистонда Президентнинг "Соғлиқни сақлаш тизимини молиялашни такомиллаштириш ("Саломатлик-3") чоралари тўғрисида"ги қарори доирасида Жаҳон Банки ва Халқаро Тараққиёт Ассоциациясининг молиявий ҳамкорлигида мазкур тизимни жорий этиш режалаштирилаётган экан. Ҳозирданоқ Бешариқ, Олтиариқ, Қўштепа туман марказий шифохоналарида ушбу тизимни жорий қилиш бўйича тажриба ўтказиш бошлаб юборилибди. Демак, 2017 йилда ҳамма касалхоналарни молиялаштириш камаяди.

Нима ҳам дердик: Бечора Ўзбекистонимиз!