Кеча Голландия парламентининг қуйи палатаси жамоат жойларида ниқоб ва паранжи билан юришни тақиқловчи қонунни тасдиқлади. Энди навбат парламентнинг юқори палатаси Сенатда. Тахмин қилиш қийин эмаски, у ерда ҳам қонун тасдиқланади ва кучга киради.
Жамоат жойлари деб ҳукуматга тегишли бинолар, жамоат транспорти, мактаб ва касалхоналар ҳамда инсоннинг шахсини идентификация қилиш лозим деб топилган ҳамма ерлар белгиланган. Қонунни бузганларга 400 евро миқдорида жарима солинади.
Оммавий ахборот воситалари билдиришича, Голландияда бор-йўғи юзтача ниқоб ва паранжида ёрадиган аёл бор. Шундай экан, бу қонунни мусулмонларга қарши қадамма-қадам киритилиши муқаррар бўлган бошқа чекловларнинг навбатдагиси сифатида қабул қилиш керак. Яъни, “Ҳаракат” мухбирлари кўп марта таъкидлаганларидек, бу ҳали ҳолва. Қолаверса, Франция, Бельгия, Болгария давлатларида, Швецария ва Германиянинг баъзи қисмларида бу каби қонунлар аллақачон кучга кириб бўлган.
Европанинг кўп давлатларида мусулмон аёлларниннг бу каби кийиниш одатларига қарши чиқилаётгани тасодифий ҳол эмас. Бу нарса – мусулмонларга бўлган салбий муносабатнинг кучайиб бораётганинг ташқи кўринишидир, холос. Чунки, дунёда “ислом” ва “ислом тероризми” тушунчалари синонимга айланиб бормоқда.
Мусулмонлар жамоаси бу ҳақда ўйлашлари, Ислом уламолари эса, Ислом динида фундаментал ислоҳотлар қилиш, биринчи навбатда, Ислом дини дунёвийлик/секуляризм принципини қабул қилишига эришиш учун ҳаракат қилишлари керак. Акс ҳолда, динимиз бу боши берк кўчадан чиқолмайди.