Бугун Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комил АҚШ Давлат Котибининг Жанубий ва Марказий Осиё масалалари бўйича ёрдамчисининг биринчи ўринбосари Уилям Тоддни қабул қилди, деб хабар бермоқда вазирлик матбуот хизмати. АҚШ элчиси Памела Леора Спратлен ҳам иштирок этган мулоқот давомида сиёсий, савдо-иқтисодий, гуманитар ва бошқа соҳалардаги икки томонлама алоқаларга оид масалалар муҳокама қилингани ҳақидаги умумий гаплардан бошқа ҳеч нарса йўқ.
Шунингдек, халқаро ва минтақавий сиёсатнинг баъзи масалалари юзасидан ҳам фикр алмашилган.
АҚШ Давлат Департаменти мулозимининг мухолифат ҳамда фуқаролик жамияти вакиллари билан учрашиши ҳақида бирор маълумот йўқ. Аслида, Уилям Тодд айнан улар билан учрашса, ўзи учун фойдалироқ бўларди.
Бечора америкаликларни тушуниш мумкин. Улар Шавкат Мирзиё президент бўлиб сайлангандан кейин Ўзбекистон қандай ташқи сиёсат олиб боришини билишга ҳаракат қилмоқдалар. Бунинг учун “Ҳаракат”ни ўқиш керак. Бизга кўра эса, Шавкат Мирзиёнинг ўзи ҳам қандай сиёсат олиб бориш кераклигини ҳали билмайди. Буни белгилаб бериш ҳам “Бирлик” Партиясининг жарчиси бўлган “Ҳаракат”нинг елкасига тушади.