23 November 2016
02:33 - Ўзбекистонда яна 4 та эркин иқтисодий зона яратилармиш, миллионер ва миллиардерларчи?

Ўзбекистон ҳукумати Самарқанд вилоятининг Ургут тумани, Бухоро вилоятининг Ғиждувон тумани, Фарғона вилоятининг Қўқон шаҳри ва Хоразм вилоятининг Хозарасп туманида “Ургут”, “Ғиждувон”, “Қўқон” ва “Хозарасп” номли эркин иқтисодий зоналар (ЭИЗ) яратиш ҳақида қарор қабул қилгани қўғирчоқ ахборот воситалари тарафидан билдирилди.

Бу зоналарда минерал-хомашё ресурслари ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини чуқур қайта ишлаш бўйича замонавий ишлаб чиқаришни ташкил этиш учун хорижий ва маҳаллий инвестицияларни жалб қилиш, шунингдек, тўрт вилоятнинг ишлаб чиқариш ва ресурс салоҳиятидан комплекс ва самарали фойдаланиш бўйича қулай шароитларни яратишга қаратилган.

Кўрсатиб ўтилган зоналарни шакллантириш муддати келгусида узайтириш имконияти билан 30 йилни ташкил этиб, мазкур муддат давомида бу ерда алоҳида солиқ ва божхона имтиёзлари амалда бўлади. ЭИЗ ҳудудларида логистика марказлари ҳамда божхона постлари ташкил этилади.

Қўғирчоқ ахборот воситалари бундай муҳим қарорга бир оғиз таҳлил ҳам бермадилар. Ваҳолангки, таҳлил жуда керак.

Қаранг, бу зоналарда муҳим ишлар учун маҳаллий ва хорижий инвестициялар жалб этилармиш. Хорийжийлар, табиий хусусий инвесторлар бўлади, ўзбекистондагиларчи? Ўз-ўзидан маълумки, Ўзбекистонда йирик хусусий ширкатлар йўқ, демак, давлатнинг ўзи бир нарсалар қилишга ҳаракат қилади, пул ажратади, аммо коррупция гуллаб ётган мамлакатмизда пулларнинг асосий қисми ўғирлаб кетилади. Бизда йирик инвесторлар йўқлиги, “Бирлик” Партиси раиси Абдураҳим Пўлат президентликка номзод Шавкат Мирзиёга ёзган хатида айтилганидек, Ислом Каримнинг жиноят деб баҳоланиши керак бўлган айбидир.

Мамлактда миллионер ва миллардерлар, табиий, гап долларлик миллионер ва миллардерлар ҳақида кетмоқа, яъни йирик хусусий инвесторлар бўлмаса, бозор иқтисоди ҳақида гапиришнинг ўзи кулгили эканлигидан ташқари, сон-саноқсиз ЭИЗлар яратилса ҳам, иқтисодимизда кўзга кўринадиган юксалиш бўлмайди, бўлиши ҳам мумкин эмас. Маълумки, шу пайтгача бизда 3 та ЭИЗ бор эди – “Навоий”, “Жиззах” ва “Ангрен”. У ерларда қандайдир зўр ишлар бўлаётгани ҳақида ҳеч қандай маълумот йўқ.

Қизиқ, шу оддий нарсаларни президентликка даъво қилаётган Бош вазир Шавкат Мирзиё ва унинг иқтисодий масалалар бўйича ўринбосари Рустам Азим тушунишармикан?

Жойи келгани учун айтиш керакки, ҳозир Россияда расман 96 нафар долларлик миллиардер ва 80 минг (!!) атрофида миллионер бор. Бизда битта ҳам йўқ. Тўғри, Шавкат Мирзиё ва Рустам Азимда миллионлар бўлса керак, аммо улар расмий эмас, ўғри долларлар бўлгани учун уларни расмий инвестиция қилиб бўлмайди.