23 November 2016
01:33 - Эрдўғоннинг исломчилар партияси балоғатга етмаган қизларни зўрлаганларни авф этиш ниятидан вақтинча воз кечди

Туркия сўнги кунларда навбатдаги жанжал ичида яшамоқда эди. Ҳамма нарса бир неча кун аввал ҳокимиятдаги исломчиларнинг Адолат ва Тараққиёт Партияси параламентга, яъни Туркия Буюк Миллат Мажлисига янги қонун лойиҳаси киритишдан бошланди. Бу қонун лойиҳасида балоғат ёшига етмаган қизни зўрлаган, яъни номусига теккан эркакни, агар у қизни ўзига хотин қилиб олишга рози бўлса, авф этиш ҳақида эди.

Туркиядаги мухолиф партиялар ва жуда кўп одамлар бу қонунга қарши чиқдилар. Ҳамма шаҳарларда аёлларнинг кўп минг кишилик митинглари ўтказилди. Митингчилар бундай қонун эркакалрни қизларни зўрлашга рағбатлантиришини айтиб, уни қайтариб олишни талаб қилдилар. Шундоқ ҳам ҳозир Туркияда ҳар йили минглаб қизлар зўланаётгани айтилди, бу ҳақдаги расмий рақамлар очиқланди. Исломчилар эса, ўзларини ҳимоя қилиб, ўзлари таклиф қилаётган қонун Ислом динининг талабларига мос эканлигини айтишгача бордилар.

Бўлиши мумкин, Ислом динида шундай нарса бордир, дейди мухбиримиз. Аммо, Ислом дини пайдо бўлган вақтни кўз олдингизга келтиринг. Ҳамма кичкина шаҳарчаларда ёки қишлоқчаларда яшарди. Ҳамма ҳамма нарсани биларди. Зўрланган қизнинг ҳаёти мавҳ бўларди. Агар у бола туғса, бола ҳаромий деб эълон қилинарди. Балки, шундай оғир замонда зўрланган қизни уни зўрлаган эркакка навбатдаги хотин қилиб беришнинг ҳам қандайдир маъноси бордир.

Аммо, бугун бундай амалиётни қонунлаштириш йўлини танлаган Эрдўғоннинг партияси Туркияни ўрта асрларга қайтариш ниятида эканлиги кўриниб турибдику.

Кеча бу партиянинг амалдаги раиси, Бош вазир Бинали Йилдирим бу лойиҳа вақтинча қайтариб олинганини билдиришга мажбур бўлди. Нимамиш, аввалига бу қонуннинг тўғрилигини халққа тушунтириш керакмиш.

Нима бўлса ҳам, бу воқеа ҳам кўрсатмоқдаки, Туркияда Эрдўғон раҳбарлигидаги исломчиларнинг Туркияни шариат қоунлари билан яшайдиган исломий давлатга айлантириш ниятлари йўлида турадиган катта куч бор.

“Ҳаракат”нинг фикрича, дунё бу кучни қўллаб қувватлаши керак. Асосан дунёвий мамлакатлардан иборат бўлган Турк Дунёси Туркия Президенти Ражаб Эрдўғонга ўз позициясини билдириши шарт.

Расмда – турк аёлларининг митингларидан биридан кўриниш.