Маълумки, Москвада шу йилнинг февралида 4 ёшли қизчани ўлдиргани учун қўлга олинган Гулчеҳра Бобоқулова устидан жиноий иш очилган ва бир ойча аввал Москвадаги Хорошевск туман судида бу иш кўрилишга бошланган эди.
Аввалги хабарларимиздан маълумки, прокурор томонидан судда эшиттирилган жиноят иши материалига кўра, Бобоқулова церебрал фалаж касаллигига чалинган қизнинг энагаси бўлган, февраль ойида у қизни бўғиб ўлдирган. Сўнгра у қизчанинг бошини пичоқ билан кесиб ўзи билан олиб чиқиб кетган. Хонадондан чиқиб кетаётиб уйга лампа мойи ёрдамида ўт қўйган. Кўчада у ҳуқуқни муҳофаза қилиш ходимлари томонидан қўлга олинган.
Бобоқулова ўз айбини тўла бўйнига олгани, бу жиноятни касаллиги туфайли қилгани ва ўзини Ўзбекистонга мажбурий даволаниш учун юборишни сўрагани ҳам хабарларимиздан маълум.
ТАСС бугун Хорошевск туман судининг матбуот хизматига асосланиб билдиришича, прокурор Бобоқуловани жиноий жавобгарликдан озод қилиб, уни махсус касалхонага даволаш учун юборишни сўраган.
Кўринишидан, дейди мухбиримиз, ҳозир Бобоқулова руҳий касал эканлигига ҳеч қандай шубҳа йўқ, демак, судья эртами-кеч прокурорнинг истагина амалга оширувчи ҳукм чиқарса керак. Аммо, уни даволаш учун Ўзбекистонга юбориб-юбормасликлари ҳақида ҳозир бирон нарса деб бўлмайди.