21 November 2016
19:26 - Президентликка номзодларнинг сайловчилар билан масхарабозча учрашувлари давом этмоқда

Ҳамма мамлакатларда сайловчилар билан учрашувлар иш кунлари кечга яқин ўтказилади, шанба ва бозор кунлари кундуз кунлари ҳам бўлаверади. Бизда учрашувларга саноқли сайловловчилар танланиб олиб келинади, табиий уларга ишдан жавоб ҳам берилади, демак, учрашувлар эрталаб ҳам бўлавериши мумкин.

Биздаги 4 та масхарабоз президентликка номзод сайловчилар билан учрашгани ҳақидаги охирги хабарлар пешиндан дарҳол кейин тарқатилди. Демак, учрашувлар эрталабданоқ ўтказиб бўлинган.

Либерал-демократик партиясининг номзоди Шавкат Мирзиё Сирдарё вилояти сайловчилари билан охирги учрашувини 19 ноябрда ўтказиб бўлган экан. Аммо, хабар бугун тарқатилди.

“Адолат” социал-демократик партиясининг номзоди Наримон Умар Қорақалпоғистонда, Миллий тикланиш” демократик партиясининг номзоди Сарвар Отамурат Тошкент шаҳрида бугун учрашувлар ўтказибдилар. Халқ Демократик Партиясининг номзоди Хатамжон Кетмон кетмонини чархлаш билан овора бўлган бўлса керакки, 3 кундан бери, бугун ҳам, ҳеч қаерда кўринмаяпти.

Қўғирчоқ ахборот воситаларида тарқатилган хабарларда биронта пичоққа илинадиган гап йўқ. Номзодлар баландпарвоз гаплар билан Ўзбекистонимиз яқинда жаннатга айланишини тинмасдан такрорламоқдалар. Ўша паландпарвоз гаплар ҳам масхарубозлик руҳида айтилган.

Масалан, Наримон Умар Ўзбекистонимизни инновацион иқтисодиётга ўтказмоқчи эмиш. Ўзбекистонда “инновацион иқтисодиёт” нималигини биладиган одам борми ўзи? Қисқа қилиб айтсак, инновацион иқтисодиёт - энг янги технологияларга асосланган иқтисоддир. Ҳозир жаҳонда инновацион иқтисодиётга эришган давлатлар рўйхатининг бошида АҚШ, Германия, Япония, Австралия, Канада, Швеция, Финляндия, Сингапур, Израил каби демократик давлатлар туради. Бу давлатларда киши бошига Ялпи Ички Маҳсулот 30-50 минг доллар. Қаранг, бу рўйхатда киши бошига ЯИМи 10 минг доллар атрофида бўлган Россия ва Хитой ҳам йўқ.

Киши бошига ЯИМ бўйича қашшоқ мамлакатлар ичида бўлган Ўзбекистонимизни (2 минг доллар атрофида) Наримон Умар шунчалик юқорига сакратмоқчими? Қандай қилиб? Бу ақлсиз одам қачон тушунади-ку, демократия йўқ жойда жиддий ривожланиш ҳам бўлолмайди. Ўзбекистон эса, демократия даражаси бўйича дунё давлатлари рўйхатида охиридан 2-чи ўринда туради.

Ёпирай, бу Наримон Умар деган аҳмоқ аввал Ўзбекистонда демократия ўрнатмоқчими? Қизиқ, у бу ишга “Бирлик” Партиясини ҳам тортармикан?