20 November 2016
04:05 - Михаил Саакашвили Украинада мавжуд ҳокимиятга мухолифатда бўлган Янги Кучлар Ҳаракати номли ташкилот тузди

17 ноябрдаги хабарларимиздан бирида - сўнги 1,5 йилда Одесса губернатори вазифасини бажариб келган Гуржистоннинг собиқ Президенти Михаил Саакашвили истеъфога чиққани ва мавжуд Порошенко ҳокимиятига қарши мухолифатчилик қиладиган Янги Кучлар Платформаси номли ташкилот тузганини билдирган эдик. Маълум бўлишича, бундай ташкилот тузиш Саакашвилининг мақсади бўлган ва кеча, 19 ноябрда Одессада йиғилган унинг тарафдорлари украинчасига Рух Нових Сил, ўзбекчасига Янги Кучлар Ҳаракати номли ташкилот тузишган. Бу ҳақда Михаил Саакашвилининг Фейсбукдаги саҳифасида (адреси - /www.facebook.com/SaakashviliMikheil) эълон қилинди.

Саакашвилининг Фейсбукдаги саҳифасида унинг Украина телеканалларидан бирига берган интервьюси ҳам бор. Асосан украин тилидаги интервьюдан бирон нарса тушуниш қийин, аммо асосий мавзу - Саакашвилининг Украина ҳокимиятидаги юқорли даражали мулозимлар билан жанжаллари ҳақида. Аммо, Украинанинг ҳозирги глобал муаммоларини қандай ечиш тўғрисида ҳеч нарса йўқ. Яъни, Саакашвилининг Украина муаммоларини ҳал қилиш учун нималар қилиш кераклиги хусусида конкрет дастури борлиги кўринаётгани йўқ. У ҳозирча мамлакат парламенти – Олий Радани тарқатиб юборишни талаб қилаётгани кўринмоқда. Унинг фикрича, янги парламент ҳозир хато йўлдан кетаётган Президент Петр Порошенконинг йўлигa Украина халқининг талабларига жавоб берадиган тўсиқлар қўяди.

Умид қиламизки, Михаил Саакашвилининг дастури бор ва у бу дастурини амалга ошириш устида амалий ишлар қилолади.