18 November 2016
22:40 - АҚШдаги машҳур Bloomberg Интернет нашри ҳам “Ҳаракат”нинг ҳақлигини тан олди, аммо “Ҳаракат”нинг мақсади ўзбекларга хизмат қилишдир
Молиявий-иқтисодий маълумотлар тарқатиши билан танилган ва бу соҳада дунёнинг энг машҳур Интернет нашри бўлган Bloomberg кеча “Трампнинг ёруғ тарафлари” номли мақола эълон қилди. Мақола шундай бошланади: “Доналд Трампнинг ғалабасидан кейинги ноябрь ойининг иккинчи сюрпиризи – бу ғалаба бизнес ва инвесторлар тарафидан илиқ қабул қилиниши бўлди. 8-чи ноябрдан олдин ҳамма якдиллик билан ишонардики, Трамп ғалаба қозонса, фонд биржалари ботади (яъни акцияларнинг нархи кескин тушади – “Ҳаракат”). Аммо, аксинча бўлди, акцияларнинг нархи кескин ортди.”

Қисқа қилиб айтсак, бутун мақола “Ҳаракат”нинг башоратлари тўғри эканлигини феълан тан олишдан иборат.

Табиий, Bloomberg каби дунё тарафидан тан олинган машҳур нашр асосан ўзбек тилида иш юритадиган “Ҳаракат” Агентлигини билмайди, унинг хабарларини кузатиб бормайди. Аммо, айнан “Ҳаракат” Агентлиги ойлардан бери Барак Обаманинг ўта заиф ички ва ташқи сиёсати натижасида Нью-Йорк фондлар биржасида барқарорлик йўқлигини, Доналд Трамп президент бўлиб сайланса, АҚШ иқтисоди янада юксалишини айтиб келмоқда ва америкаликлар айнан Доналд Трампни президент қилиб сайлашларини башорат қилиб келмоқда эди.

Ҳамма нарса “Ҳаракат” башорат қилгандек бўлди. Шундай экан, Bloomberg бевосита бўлмаса ҳам, “Ҳаракат”нинг ҳақлигини тан олди, дейишга ҳаққимиз бор.

Аммо, “Ҳаракат”нинг асосий мақсади - АҚШдаги воқеаларнигина кузатиб бориш, у ерда бўлаётган жараёнларнинг натижаларини башорат қилиш эмас. Асосий мақсадимиз – Ўзбек миллатига, Ўзбекистон давлатига хизмат қилишдир. Ҳозир кўзи кўр одам ҳам кўраяптики, “Бирлик”нинг жарчиси бўлган “Ҳаракат” Агентлиги Ўзбек миллати ва Ўзбекистон давлатининг аянчли аҳволига, касаллигига тўғри диагнозлар қўйди, демак, ишониш керакки, касалликларни тузатишни ҳам айнан “Бирлик” ва “Ҳаракат” билади, айнан “Бирлик” ва “Ҳаракат” буни қилолади.