14 November 2016
20:42 - (Қамоқдаги) СОЛИЖОН АБДУРАҲМОНОВ: “ИЖОБИЙ ЎЗГАРИШЛАР - ДАВР ТАЛАБИ!” (“Эзгулик” жамиятининг пресс-релизи - № 23, 14.11.2016)

2016 йилнинг 12 ноябрь куни Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари “Эзгулик” жамияти фаоллари Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги Жазони ижро этиш Бош бошқармаси тизимидаги 64/61-сонли муассасада “Инсон ҳуқуқлари халқаро қўмитаси” вакили, журналист Солижон Абдураҳмонов билан учрашдилар. Учрашувда “Эзгулик” раҳбари Васила Иноятова, журналист Абдураҳмон Ташановдан ташқари муассаса вакиллари ҳам иштирок этишди. Суҳбат маҳкумнинг ўз ҳамкасбларига бироз таъномуз эътирозлари билан бошланди.

С.Абдураҳмоновнинг таъкидлашича, мамлакатда фаолият олиб бораётган ҳуқуқ ҳимоячилари, хусусан, “Эзгулик” жамияти фаоллари унинг озод қилиниши учун етарлича ҳаракат қилишмаяпти. Юборган мурожаатлари бўйича ҳали хануз бирор жавоб олгани йўқ. Бу ўринда В.Иноятова ҳукумат идораларига қилган мурожаатларига С.Абдурахмоновнинг ариза ва шикоятлари келмаганлиги ва “Эзгулик” жамиятида Солижоннинг мурожаатлари йўқ эканлиги сабабли, бирор натижага эришилмаганлигини таъкидлади.

“Солижон аканинг эътирозларини тушунса бўлади, чунки у қамоқхона шароитидан безиган. Биз бу одамдан хафа бўлишга эмас, аксинча кўнглини рухан кўтаришга келганмиз” дейди В.Иноятова. Аммо ҳуқуқ фаолларининг таъкидлашича, С.Абдураҳмоновнинг аҳволи кўринишидан ёмон эмас. Муассасадаги шароит ва ош-овқатдан ҳам шикояти йўқ. Муассаса ходимларига эътирози йўқ, лекин тезроқ озодликка чиқишни хоҳлайди.

Учрашувда иштирок этган журналист А.Ташанов: “Солижон ака, сизга бир нечта саволларим бор: очиғини айтинг, қийноқлар қўлланиляптими? Сизга қамоқхона ходимлари бирор марта қўл кўтаришдими? Қариндошларингиз билан ўз вақтида учрашяпсизми?”.

Бунга жавобан маҳкум С.Абдураҳмонов: “Абдураҳмон, сиз билан менинг тасаввур ва қарашларимда қийноқ жуда кенг тушунча. Агар менга нисбатан жисмоний қийноқлар хусусида билишни истасангиз, бунақа нарса йўқ, муассаса ходимларининг барчаси болаларим тенги йигитлар. Булардан норозилигим йўқ, овқатлари ҳам ёмонмас. Уйдагилар билан учрашиб турибман. Бироқ, менинг тасаввуримда хатларим шикоят қилаётган идораларга етиб бормаяпти. Сиз “Эзгулик”чиларга эътирозим ҳам шундан, шу масалада кўмакларингиз зарур” дейди.

Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари “Эзгулик” жамияти вакиллари С.Абдураҳмоновга унинг озодлиги учун маҳаллий ва халқаро ташкилотларга қилаётган мурожаатлари, турли минбарларда унинг масаласини кўтараётгани ҳақида гапириб беришди ва уларнинг саломларини етказишди. Ўз навбатида, С.Абдураҳмонов ҳам ўз вақти билан мамлакатда ижобий ўзгаришлар бошлангани, ҳатто қамоқхонада ҳам “виртуал қабулхона” очилганини эшитиб хурсанд бўлганини таъкидлади.

Учрашувда иштирок этган журналист А.Ташановга кўра, ҳамкасбининг бирдан-бир тилаги озодликка чиқиш бўлиб, ушбу ўринда “Халқаро ташкилотларнинг эътиборидан хурсандман, аммо уларнинг ҳаракатлари самарасиз эканлиги яхши эмас” дейди С.Абдураҳмонов.

“Албатта, мамлакатда ижобий ўзгаришлар бўлади, бусиз мумкин эмас” - деди С.Абдураҳмонов суҳбат охирида.

“Ҳаракат”: Минг афсуски, “Эзгулик”нинг пресс-релизида Солижон Абдураҳмонов қачон ва нима сабабдан қамалгани, у аъзоси бўлган “Инсон ҳуқуқлари халқаро қўмитаси” қандай ташкилот эканлиги ҳақида қисқа бўлса ҳам маълумот берилмаган. Бундан ташқари, 2014 йил 25 январда Васила Иноятова ва Абдураҳмон Ташанов Қаршидаги қамоқхонада ётган Солижон Абдураҳмонов, Дилмурод Саидов ва Аъзам Турғуновлар билан алоҳида-алоҳида учрашишгани ҳам тилга олинмаган. Ўша учрашув ҳақида “Ҳаракат” Агентлиги учрашувдан 3 кун кейин хабар ҳам тарқатган эди. Мана ўша хабарнинг адреси:


http://harakat.net/news/?id=14314


Кўраётганингиз расм Васила Иноятова ва Абдураҳмон Ташановнинг Солижон Абдураҳмонов билан 2014 йил 25 январдаги учрашуви пайтида олинган.