14 November 2016
02:07 - Доналд Трам президент бўлишини башорат қилолмаган дунё лидерлари шок ичида, улар "Ҳаракат"ни ўқишлари керак

Балки, ҳамма шокда эмас, Россия, Хитой ва Исроил раҳбарлари бундан мустасно бўлиши мумкин. Чунки, Доналд Трамп Россия билан алоқаларни яхшилашга ваъда берган, Исроилни тўла қўллаб-қувватлашини айтиб бўлган. Хитой эса, АҚШда янги президент сайланишига қарамасдан, икки мамлакат ўртасидаги ўрта миён барқарор муносабатларда ҳеч нарса ўзгармаслигини яхши тушунади. Трамп Россия ва Путинга нисбатан ҳам АҚШ олиб бораётган сиёсатда катта ўзгаришлар қилмайди.

Бечора Европа (Туркия ҳам унинг ичида) ва Лотин Америка мамлакатларининг раҳбарлари талваса ичида. Европаликлар Доналд Трамп президентлик курсисига ўтиргач, Европа билан узоқ йиллардан бери давом этиб келаётган дўстлик алоқалари ёмонлашишидан қўрқишмоқда. Лотин Америка давлатлари эса, АҚШда мардикорлик қилаётган меҳнат муҳожирлари ҳайдалишидан хавотирда. Уларни тушуниш мумкин, Ўзбекистоннинг давлат бюджети каби, бу давлатларнинг бюджетлари ҳам, меҳнат муҳожирларидан келаётган пул билан оёқда турибди.

Аслида, Европа ва Лотин Америка давлатлари раҳбарларининг талвасаси ўринсиз. АҚШ Европасиз узоққа боролмайди, буни тушунган Трамп АҚШнинг Европага нисбатан сиёсатида катта ўзгаришлар қилмайди, аслида, қилолмайди ҳам, чунки, унинг қўл-оёгини бойлаб турадиган Конгресс бор. Тўғри, Конгресснинг иккала палатасида ҳам республикачилар кўпчликни ташкил қилади, аммо айнан республикачи сиёсатчиларнинг ичида ўз партияларидан номзод бўлган Трампни қўллаб-қувватловчилар кўп эмас.

Трамп лотин-америкалик меҳнат муҳожирлари масаласида ҳам, мусулмон меҳнат муҳожирлари масаласида ҳам тезлик билан катта ўзгаришлар қилолмайди, чунки, АҚШнинг ўзида бундай арзон ишчиларга эҳтиёж катта. У кеча АҚШ билан Мексика чегараларида девор қуриш режасини яна такрорлади, аммо баъзи ерларда девор ўрнига сим тўсиқлар ўрнатилиши мумкинлигини урғулади. Янги президент жиноий ишларга ҳам аралашган нолегал муҳожирларни чиқариб юбориш таҳдидини такрорлади. Бироқ, гап фақат нолегал муҳожирлар ҳақида, бунинг устига, жиноий ишларга аралашиб қолганлар ҳақида кетмоқда.

Аммо, у испан тилли лотин-америкаликларга ва турли тиллик мусулмонларга нисбатан олиб бориладиган узоқ муддатли сиёсатда жиддий ўзгаришга олиб борадиган жараёнларнинг фундаментини ўрнатиб кетиши мумкин. Мана бундан, айниқса, дунёвий масалаларни тушунмайдиган Ислом уламолари қўрқса бўлади. Чунки, бундай жараёнлар Ислом динида фундаментал ислоҳотларга олиб бориши шубҳасиздир.

АҚШда эса, 8 ноябрдаги президентлик сайловидан бери Доналд Трампга қарши норозилик митинг ва намойишлар ҳар куни бўлиб ётибди. Уларнинг ҳар бирида бор йўғи бир неча минг одам қатнашаётганини ҳисобга олсак, бу акцияларнинг Трампга ҳеч қандай таъсири бўлмайди.