14 November 2016
01:12 - Ўзбекистон сайлов арафасида, аммо пичоққа илинадиган биронта хабар йўқ
Бу хабар сарлавҳасидаги фикрни қўполроқ қилиб қайтарсак, диктаторлик даражаси бўйича дунёда Сомалиядан кейин иккинчи ўринда турган Ўзбекистонимизда ҳеч нарса ўзгарадиганга ўхшамайди, сиёсий майдонда масхарабозлик, иқтисодда чўкиш давом этаверади, 4 декабрга тайинланган президентлик сайловлари навбатдаги масхарабозликдан бошқа нарса эмас.

Ўзбекистоннинг расмий ЎзА хабар агентлиги ўтган куни учтагина хабар тарқатган бўлса, кеча умуман ишлагани йўқ, дам олди. Ўша 3 та хабардан бирида “Миллий тикланиш” демократик партиясидан Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод Сарвар Отамуратов 12 ноябрь куни Самарқанд вилояти сайловчилари билан учрашгани ҳақида умумий гаплар билан жуда қисқа айтиб ўтилган.

Бошқа бир хабарни пичоққа илинадиган дейиш мумкин. Чунки, у хабарда вақтинча президент вазифасини бажараётган Шавкат Мирзиё Хитой Халқ Республикаси ташқи ишлар вазири Ван Ини қабул қилгани, учрашув-суҳбат самимий ва хайрихоҳлик руҳида ўтгани, Ўзбекистон билан Хитой ўртасидаги ҳар томонлама стратегик шериклик муносабатлари изчил ривожланаётгани ва мустаҳкамланиб бораётгани таъкидлангани айтилади.

Узундан узоқ хабарнинг асосий қисмида эса, Ўзбекистон-Хитой алоқаларинг яхшилиги баланд парвоз гаплар билан мадҳ этилади.

Хабарда айтилмаган бўлса ҳам тахмин қилиш керакки, Хитой раҳбарлари ўз вазирларини Ўзбекистонга “разведка” учун юборганлар, янги президент қўли остида нима янгиликлар бўлишини билишга ҳаракат қилганлар. Яна тахмин қилиш мумкинки, Ван И ўз раҳбарларига Ўзбекистонда ҳеч нарса ўзгармаслиги ҳақида хабар бериб бўлди.

Ҳа, дарвоқе, бу икки хабарнинг яна биттадан қизиқ жойи бор. Иккала хабарга ҳам биронта расм илова қилинмаган.