Бир қатор Россия ва Тожикистон ахборот воситалари хабар беришича, Россия Федерал Хавфсизлик Хизмати (ФХХ, собиқ КГБ) Тожикистон фуқароси бўлган ўзбек (расмда) ва яна 10 кишини Москва ва Санкт-Петербургда терактлар уюштиришга тайёргарлик кўрилаётган пайтда қўлга олган. Баъзи сайтларда ўша ўзбек йигитча терговчиларнинг саволларига жавоб бераётганида ФХХ тарафидан олинган ва ФХХнинг сайтига қўйилган видеонинг нусҳалари ҳам бор.
Кўринишидан ҳам ўзбекка ўхшаб турган бу йигитча русчани яхши билмаса ҳам, саволларга жавоб берар экан, ўзи Тожикистон фуқароси эканлиги, миллати ўзбеклиги, акаси Сурияда ИШИД сафида жиҳод қилаётганини айтган.
Бу гуруҳ қанақа шаклдаги терактга тайёрланаётгани хабарларда айтилмайди, аммо уларнинг уйида автомат ва портлатувчи моддалар топилгани, бу гуруҳ аъзолари Тожикистон ва Қирғизистон фуқаролари эканлиги урғуланади.
“Бирлик” лидери Абдураҳим Пўлат ўтган йилнинг бошида АҚШ Президенти Барак Обамага ёзган хатида ислом терроризмининг маркази Туркия ва Марказий Осиёга ўтишини таъкидлаган эди. Бу хабар кўрсатиб турибдики, унинг башоратлари бу сафар ҳам тўғри чиқмоқда.