12 November 2016
12:33 - Кеча Ўзбекнинг тарихида қоладиган кун - “Бирлик” халқ ҳаракатига асос солинган кун эди

Бутун дунё алғов-далғов ичида бўлгани сабабли бўлса керак, бундай тарихий кунни кечаги хабарлармизда эслашни ҳам унутибмиз.

Ҳа, айнан шундай, 1988 йил 11 ноябрда тахминан 15 киши ўша пайтдаги машҳур хонанда Дадахон Ҳасаннинг уйида тўпланиб, “Бирлик” халқ ҳаракати деб аталадиган оммавий ташкилотнинг Ташаббус гуруҳини туздилар.

Ўша пайтда бутун СССРда бўлаётган воқеалар нуқтаи назаридан бу йиғилиш жуда катта тарихий аҳамиятга эга бўлмаслиги ҳам мумкин эди, дейди бу хусусда Абдураҳим Пўлат. Чунки, агарда мен бўлмасам, бу ташкилот Дадахан аканинг уйида тузилиб, шу ердаёқ тамом бўларди. Мен Ташаббус гуруҳини тузиш ишига киришганларнинг ичида эмасдим, шунга ўхшаш, аммо бошқа ташкилот яратиш билан машғул эдим ва йиғилишга келиб кўрдимки, тузиладиган ташкилот номидан тарқатилиши керак бўлган Декларациянинг лойиҳаси ҳам йўқ, бундай Декларация бўлиши ҳеч кимнинг ҳаёлига ҳам келмаган. Мен бу ҳақда айтишим биланоқ, уни ёзишни менга топширдилар. Ташаббус гуруҳининг раисини сайлаш кераклигини айдим, аммо кўриб турибманки, асосий ташаббусчилар расман раис бўлишдан қўрқаётганлари учун, бу таклифимни рад этдилар.

Лекин, 2 ҳафта ўтар-ўтмас, бундай ташкилотга лидерлик қилиш ниятим йўқлигини айтиб кўрсатган қаршиликларимга қарамасдан, айнан мени раис қилиб қўйдилар. Мен бир ишга киришсам, у ишни чин кўнгилдан қиламан ва қилдим.

Бир неча ойдан кейин “Бирлик” нафақат Ўзбекистонда ва СССРда, балки бутун дунёда танилди. “Ўзбек тили давлат тили бўлсин” шиорлари остида ўтказилган митинглар ўзбекларни тарихларида биринчи марта ўзларининг бугунги кунлари, келажаклари ҳақида ўйлайдиган миллат сифатига чиқарди.

Аммо, ташкилот тузилишига 1 йил ҳам ўтмасдан, тўғрироғи, 1989 йил август ойининг охири, сентябрнинг бошларида Салой Мадамин раҳбарлигидаги ёзувчилар, улар ўша Ташаббус гуруҳида ва кейин сайланган “Бирлик” раҳбариятида кўпчиликни ташкил қилишар эди, “Бирлик”ни ўша пайтда Лубянка тарафидан СССРдаги энг катта славян ва насроний бўлмаган халқ, яъни ўзбекларни йўқ қилиш топшириғи билан бошимизга ўтқазилган тожик аслли ҳаромий Ислом Каримга сотдилар, “Бирлик” раҳбариятида кўпчилик эканларидан фойдаланиб, уни парчаладилар ва Ислом Каримнинг 26 йиллик диктаторлигининг асосларини яратиб бердилар. Ўзбеклар миллат сифатини йўқотган подага айлантирилдилар.

Бундан кейинги воқеаларни ҳамма озми-кўпми билади. “Бирлик” барибир оёқда, миллат сифатини йўқотиб, подага айланган ўзбекларни қайтадан миллат қилиш учун курашини давом эттирмоқда. Эртами кеч у барибир ғалаба қозонади. “Бирлик”ни йўқ қилоладиган куч йўқ ва бўлолмайди.

"Бирлик"нинг ўша кунлардаги кучини кўрсатувчи биттагина расмни кўрмоқдасиз - Навоий кўчаси бўйлаб кетаётган ва охири кўринмайдиган бирликчи намойишчилар.