“Эзгулик” курашнинг ҳар қандай радикал йўлини қоралайди! (“Эзгулик” жамиятининг баёноти, 09.11.2016)
Ўзбекистон Халқ Ҳаракати номли ташкилотнинг интернетдаги веб саҳифасида унинг етакчиси сифатида кўриладиган Салой Мадаминовнинг “Энди бироз ёмон бўлайлик” номли чакириғи чоп қилинди. Салой Мадаминов мазкур чақириқда мамлакатимиздаги вазиятни таҳлил қила туриб, унинг хотимасида Ўзбекистоннинг амалдаги ҳукумати билан курашнинг радикал йўлидан бошқа тури қолмагани, шу боисдан жиҳод қилиш даври келганини таъкидлайди. Маълум бўлишича, ана шу Ҳаракат Истанбулда ўз қурултойини ўтказмоқчи бўлган ва анжуман Салой Мадаминовнинг чақириғини қарорга айлантириши лозим эди.
Яқин ўтмишда Ўзбекистон “Эрк” демократик партияси сифатида мамлакатимизда мавжуд бўлган, ва ҳатто, Ўзбекистон президентлиги учун сайловларда ўз номзодини кўрсатган партиянинг Ўзбекистон Халқ Ҳаракатига айланиб, оммани жиҳодга чорлаши биз фуқаролик жамияти вакиллари учун ўта хавфли чақириқдир. Мазкур чақириқ “Эзгулик” сингари игна билан қудуқ қазиётган ҳуқуқ ҳимоячи жамиятлари, Андижон воқеаларидан сўнг Ўзбекистоннинг жаҳон ҳамжамияти билан тикланаётган сиёсий интеграцияларига жуда жиддий зарба беради.
Хусусан, сўнгги ойларда Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари “Эзгулик” жамияти вакилларининг турли йилларда қамоқларга тушган сиёсий маҳкумларни кўришга бораётгани, уларнинг айримларини халқаро ташкилотлар ва демократик институтлар кўмагида озод қилишга эришаётгани сингари ҳаракатларни тўхтатади. Мамлакатда қолган оз сонли ҳуқуқ фаоллари, журналистлар ва мухолифат вакиллари тақдирини таҳлика остига қўяди. Боис Ўзбекистон ҳукумати ўз табиатидан келиб чиқиб, ҳар қандай радикал хатти-ҳаракатларга нисбатан кескин чоралар кўради ва Салой Мадаминнинг ўтмишдаги самарасиз хуружлари каби айни ҳаракатлар ҳам демократик мухолифатнинг истиқболига жиддий зарба беради.
Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари “Эзгулик” жамияти Ўзбекистон Халқ Ҳаракати сингари тўдаларнинг ҳар қандай радикал хатти-ҳаракатларини кескин қоралаб, Туркия ҳукуматини уларнинг фаолиятини ўрганиш ва ҳуқуқий баҳо беришга чақиради. Демократик кучларни огоҳ бўлиш, фуқаролик жамияти вакилларини бундай шубҳали ҳаракатларга аралашиб олмасликка ундайди.
“Ҳаракат”: Назарий жиҳатдан “Эзгулик” жамиятининг бу баёноти мутлақо тўғри. Демократлар, жумладан, ҳуқуқ ҳимоячилари ҳар қандай радикал, экстремистик ва террористик йўлларни қоралашлари табиийдир.
Аммо, қоғоздагина бор бўлган Ўзбекистон Халқ Ҳаракати номидан Ўзбек миллатининг хоини Салой Мадаминов берган қандайдир баёнотга муносабат билдиришнинг ҳеч кераги йўқ эди.
Ўзбекистонимизнинг келажагини охир-оқибатда Ўзбекистон Халқ Ҳаракати ёки ҳозир ҳокимиятда бўлган тожиклар режими эмас, “Бирлик” Халқ Ҳаракати Партияси белгилайди. Тўғри, бу осон иш эмас, ўзбекларнинг кўпчилиги подага айлантирилганини ҳисобга олсак, қилиб бўлмайдиган иш. Аммо, “Бирлик” лидери Абдураҳим Пўлат тарафидан жуда кўп марта айтилган “қилиб бўлмайдиган ишларни ҳам қиламиз” деган сўзларини диққатга олиш керак.