Gazeta.uz сайти (у сўнги ойларда фақат рус тилида ишлайди) “Адолат” Социал-Демократик Партиясининг президентликка номзоди Наримон Умаров 8 ноябрь куни Нурота ҳокимиятининг биносидаги бир залда Навоий вилоятининг ҳамма еридан келган тахминан 2500 сайловчи билан учрашганини 9 ноябрда хабар қилар экан, биз бу хабаримизга илова қилган расмни ҳам берган.
Хабарда айтилишича, Наримон Умаров “Мамлакат келажаги – инновацион технологияларда” номли нутқ сўзлабди, инновацион ва юқори даражали технологияларни тезда ривожлантириш ҳамда ҳаётга жорий этиш ҳақида гапирибди. Аммо, хабарда баландпарвоз гаплардан бошқа ҳеч нарса йўқ. “Ҳаракат” Агентлиги қайта-қайта гапираётганидек, ҳар қандай давлат иқтисодининг асосий кўрсатгичи бўлмиш Киши бошига Ялпи Ички Маҳсулот ҳажми бўйича Ўзбекистонимиз ривожланган давлатлардан 30-50 баравар орқада эканлигини қўйиб туринг, қўшниларимиз Туркманистон ва Қозоғистондан 6-8 баравар орқада. Аҳолининг ўртача ойлиги бўйича ҳам шунча орқадамиз. Ўзбек профессорлари қозоқ дворникларидан кам маош олишади.
Шундай экан, Наримон Умаров ўзи айтаётган замонавий технологиялар ёрдамида биздаги Ялпи Ички Маҳсулот ҳажмини ҳамда аҳолининг ўртча ойлигини қандай орттирмоқчи эканлиги ҳақида конкрет рақамлар ҳам айтиши керак эмасмиди? Керак эди, аммо у биронта рақамни тилга олгани айтилмайди. Демак, унинг нутқи масхарабозликдан бошқа нарса бўлмаган.
Яна бир нарсага эътибор беринг, азиз ўқувчиларимиз. Навоий вилоятининг қандайдир Нурота тумани ҳокимлиги биносида 2 минг 500 кишилик мажлислар зали борлигига ишонасизми? Расмга қаранг, бу ерда тахминан 150 киши ўтирибди. Расмдаги зинанинг чап тарафида яна шунча одам бор деб ҳисобласак ҳам, залда 300 дан кўп одам бўлиши мумкин эмас. Агарда фотограф расмни сал чапроқда туриб олса эди, залнинг сал кам ҳаммаси кўринган бўларди. Аммо, кўринишидан, залнинг иккинчи ярми бўм-бўш, йиғилишда бор-йўғи 150 киши қатнашган.
Тушунаверингки, фақат хабарчилар эмас, бу залга йиғилганларнинг ҳаммаси ҳам масхарабоз. Навоий вилояти СССР замонидаёқ саноати ривожланган вилоятлардан бири эди. Ҳозир шундай масхарабозлар билан Навоий вилояти ва бутун Ўзбекистонда замонавий технологияларни ривожлантириб бўладими?
“Бирлик” Партияси раиси Абдураҳим Пўлат 24 октябрда Шавкат Мирзиёга ёзган хатидаги қуйидаги жумла мутлақо тўри эканлигини тан олиш лозим: “Шу йил декабрь ойига белгиланган президентлик сайловларини орқага суриш, ҳозир Ўзбекистонда ягона мухолифат партияси бўлган “Бирлик”ни рўйхатга олиш ва унинг номзоди ҳам иштирокида ҳақиқий президентлик сайловлари ўтказиш керак. Ўзбекистонда инқилобий ва фундаментал ислоҳотларни “Бирлик”сиз, у ҳокимиятда бўладими, мухолифатда бўладими, фарқи кам, амалга ошириб бўлмайди. Мухолифатсиз келажагимиз йўқ!”
Табиий, Абдураҳим Пўлат "мухолифат" деганда ҳозир мавжуд бўлган 4 та масхарабоз ва қўғирчоқ партияни эмас, ҳақиқий мухолиф партия ёки партияларни назарда тутмоқда.