09 November 2016
06:09 -
БОШ ВАЗИРНИНГ ВИРТУАЛ ҚАБУЛХОНАСИ: НАТИЖА ҲАМ “ВИРТУАЛ”ГА ЎХШАЙДИ (“Эзгулик” жамиятининг пресс-релизи - № 22, 09.11.2016)

Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари “Эзгулик” жамияти Бош вазирнинг виртуал қабулхонаси очилган қисқа даврида унга 10 дан ортиқ масалаларда электрон шикоятлар йўллади. Аммо жамиятимиз томонидан йўлланган бирорта мурожаат ижобий ҳал этилгани, шикоятчиларга амалий кўмак берилгани йўқ. Аксинча, виртуал қабулхона номидан мурожаатлар муаллифлари билан учрашган мутасаддилар қабулхонага келган мурожаатларни хаспўшлаш билан шуғулланмоқда. Хусусан, шикоятчиларга мурожаатлар юзасидан даъвои йўқлигини ёздириб олиш, мактубларни копток қилиш тенденцияси қайта ишга туширилган.
Одатда фуқаролар мурожаатлари кўпаяётгани кишиларнинг ҳуқуқий онги ошаётгани билан изоҳлаётган айрим масхарабоз мутасаддилар давлат ҳокимияти органдари фаолиятида аллақачон фалажлик юзага келганлигини эътироф этиши зарур. Масалан, Шавкат Мирзиёевнинг ижтимоий тармоқдаги саҳифасида пайдо бўлган хабарга кўра, Республика Молия вазирлиги қошидаги Пенсия жамғармаси ижрочи директори, Тошкент шаҳрининг Миробод тумани ҳокими сингари амалдорларга нисбатан фуқароларнинг мурожаатларига шунчаки расмиятчилик билан жавоб қайтаргани учун ҳайфсан эълон қилингани айтилади. Модомики, Виртуал қабулхона ана шундай қудратли ва фойдали иш коэфиценти юқори идора бўлса, жамиятимиз мурожаатларига ҳам жиддий муносабатда бўлсин. Шу пайтгача натижалари ҳам “виртуал”лигича қолаётган арзларимизни қайта кўриб чиқсин!