08 November 2016
23:24 - Ҳуқуқ ҳимоячилари ЕИ парламентини Ўзбекистон билан ҳамкорлик алоқалари шартномасини имзоламасликка чақирмоқда
Таниқли Human Rights Watch ташкилоти Европа парламентини ЕИ ва Ўзбекистон ўртасида ҳамкорлик алоқалари шартномасининг имзоланишига қарши туришга чақирмоқда. Ташкилотнинг расмий сайтидаги баёнотга кўра, ЕИ-Ўзбекистон политконсультацияларидан сўнг тўқимачилик протоколининг қабул қилиниши кутилмоқда ва бундай келишув Ўзбекистон томонининг мажбурий меҳнатдан фойдаланишни давом эттираётгани боис ЕИ қадриятларига зиддир.

"Биз, сизни Ўзбекистонда мажбурий меҳнатдан фойдаланиш ҳолатларига барҳам берилган ҳолдагина Европа парламенти шартнома имзолаш қарорини қайта кўриб чиқишга чақирамиз", - дейилади ҲРВ баёнотида.

Таъкидлаш керак, ҳуқуқ ҳимоячиларининг 2011 йилда мажбурий меҳнатдан фойдаланишга чек қўйишга даъватлари туфайли Европа Иттифоқи ва Ўзбекистон ўртасида тўқимачилик протоколи имзоланиши — Халқаро меҳнат ташкилоти (ХМТ) кузатувчилари мамлакатга киритилмагунига қадар кечиктирилган. Маълумки, Халқаро Меҳнат Ташкилотининг кузатувчилари Ўзбекистонга кирди ва мажбурий меҳнат масаласида ижобий хулосалар берди.

Бу ўринда хулосаларнинг мавжуд вазиятга зид бўлса ҳам, сиёсий аҳамиятга эгалигини кўпчилик тушунса керак. Албатта, ҳуқуқ ҳимоячиларининг эътирозларини ҳам олқишлаш лозим, аммо айни пайтда авторитар режимларни ислоҳ қилишнинг сиёсий интеграциядан бошқа йўли йўқлигини эсдан чиқармаслик лозим, дейди мухбиримиз. Ўзбекистон ва ЕИ ўртасидаги сиёсий интеграцияларнинг муҳим жиҳатларидан бири иқтисодий ҳамкорлик экан, ЕИнинг бу борадаги ижобий қадамларини олқишлаш керак.