8 ноябрда АҚШ президентлик сайловлари бўлишини бутун дунё билади ва бутун дунёнинг фақат кўзи эмас, ақли-ҳуши ўша ерда. АҚШнинг бутун тарихи учун гапиролмаймиз, аммо сўнги ўн йилликларда АҚШ ичида ҳам, ташқарисида ҳам, президентлик сайловларига бунчалик эътибор кучли бўлмаган.
Бунинг сабаби – Республикачилар Партиясининг президентликка номзоди Дональ Трампнинг қўпол деса бўладиган даражада кескин гапириши ва бундан ҳам муҳими, АҚШнинг ичкарисида ҳам, халқаро сиёсатда ҳам, баъзи соҳаларда кескин ўзгаришлар қилиш ҳақида гапираётганидир.
Унинг лотин-америкалик ҳамда мусулмон муҳожирларга нисбатан қаттиқ қўликка асосланган сиёсат олиб бориш кераклиги ҳақидаги гаплари шулар жумласидандир. “Бирлик” Партиясининг жарчиси бўлган “Ҳаракат” Агентлиги Доналд Трампнинг мусулмонларга нисбатан айтган кескин сўзларини бошқалардан, ҳатто мусулмонларнинг мутлақо кўпчилигидан фарқли таҳлил қилди.
Бизга кўра, Ислом дунёси жаҳоннинг энг қашшоқ ва қолоқ қисмига айланишининг, мусулмонлар сўнги минг йилликда ҳеч бир янгилик яратолмаганларининг сабаби - Ислом дини Қуръоннинг хато тафсиридан келиб чиққан хато тушунчаларга асосланаётганидир. Демак, Ислом динида инқилобий ислоҳотлар ўтказиш, биринчи навбатда, Ислом дини дунёвийлик/секуляризм приниципини қабул қилишига эришиш лозим.
Ислом дини ҳозир бундай ўзгаришларини ўзи қилиш қобилиятига эга эмас. Доналд Трампнинг шок терапияси усули билан айтилган қўпол сўзлари, балки, келажакда қиладиган ишлари мусулмонларни, биринчи навбатда, Ислом уламоларини динимизнинг тақдири ҳақида ўйлашга ва керакли қадамлар қилишга мажбур қилиши муқаррардир. Шу сабабли, Доналд Трампнинг шок терапияси усули билан айтган сўзлари охир-оқибатда Ислом динининг фойдасига бўлиши ҳам муқаррардир.
“Ҳаракат” Агентлиги, балки, жаҳонда биринчи бўлиб Доналд Трамп АҚШнинг навбатдаги президенти бўлишини башорат қилди. Тушуниш керакки, жараёнларнинг натижасини башорат қилишнинг истакга алоқаси йўқ. Истак – субъектив категория, башорат – объективликдир. Республикачилар Партиясининг раҳбарияти Доналд Трамп ўз партияларининг номзоди бўлиб, бунга йўзқ қўймаслик учун ҳамма нарсага тайёр эканликларини кўрсатиб турган вақтларида ҳам “Ҳаракат” Дональд Трамп бу партиянинг номзоди бўлишини гапирди. Демократларнинг номзоди Ҳиллари Клинтон билан курашга кирган Доналд Трамп турли сўровнома натижаларига кўра Клинтонга ютқазаётгани айтилган пайтларда ҳам, биз Трампнинг ғалабқ қилишини башорат қилдик.
Хушёр ўқувчиларимиз сезишгандир, сўнги ой ичида АҚШдаги президентлик пойгаси тўғрисида ёзмай ҳам қўйдик. Бунинг сабаби – АҚШдек давлатда президентлик пойгаси масхарбозлик ва лўттибозлик саҳанасига айланиб кетгани. Жараёнлар шундай нуқтага келдики, Доналд Трампга қарши бўлганлар, бу одам аёлларга нисбатан жинсий тегажоқликлар қилгани, ҳатто баъзи аёлларни зўрлагани ҳақида ёзабошладилар. Охир-оқибатда уларнинг биронтаси исботланмади.
Ҳиллари Клинтон Давлат Котиб бўлган замонда ўз ишига оид бўлган хатларни расмий эмас, ўзининг шахсий электрон почтаси орқали юборгани, ўзи тарафидан ҳайрия ишлари учун ташкил қилинган фондга, у ҳали Давлат Котиби бўлган замонда Қатар давлати 1 млн доллар пул ўтказгани каби фактлар очиқланди ва буларнинг атрофидаги олди-қочди гаплар АҚШдек давлат ахборот воситаларининг бош мавзусига айланди.
Ҳар бир одамнинг камчиликлари бор. Президентликка номзодларнинг ҳам, президент курсисига ўтириб олганларнинг ҳам. Аммо, муҳим бўлгани, бундай камчиликлар давлат ва бу давлатнинг халқига қанчалик зарар келтиргани ёки келтириши мумкинлигидир.
Хуллас, ҳозир АҚШдек давлатда президентлик пойгасини масхарбозлик ва лўттибозлик саҳанасига айлантириш ниятида бўлганлар ўз мақсадаларига эришолмадилар. Уч кундан кейин, яъни 8 ноябрда АҚШда президентлик сайловлари бўлади ва халқнинг амри билан АҚШнинг навбатдаги президенти сайланади.
Шу пайтгача турли сўровнамаларнинг ҳаммасида Ҳиллари Клинтон олдинда кетаётгани кўрсатилиб келмоқда. Кеча эса, Los Angeles Times газетаси охирги кунларда ўзи ўтказган сўровнамаларнинг натижаларини эълон қилди. Уларга кўра, бугун Доналд Трамп учун сайловчиларнинг 47,5 фоизи овоз бермоқчи, Ҳиллари Клинтон учун овоз берадиганларнинг фоизи 42,5 экан.
“Ҳаракат”нинг фикри сўровнома натижаларига боғлиқ эмас. АҚШнинг навбатдаги президенти – бу давлатнинг олдига чиққан янги чақириқ ва муаммоларини тушуниб етган, уларни ечмасдан туриб олға кетиб бўлмаслигини шок терапияси усуллари билан айтаётган Доналд Трамп бўлиши керак. АҚШдаги мусулмонлар эса, Доналд Трамп Исломнинг душмани эмаслигини, у бор ҳақиқатни шок терапияси усуллари билан гапираётганини тушуниб, шунинг асосида овоз беришлари лозим.