01 November 2016
20:26 - Президентликка қўғирчоқ номзодлар Сурхондарё ва Хоразмда учрашув ўтказишди, ҳали сайланмаган янги президентга қуллиқ қилишди
Бугун Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партиясидан Ўзбекистон Республикаси президентлигига номзод Наримон Умар сайловолди ташвиқоти доирасида Сурхондарёда сайловчилар билан учрашди. Бу ҳақда партия матбуот хизмати хабар тарқатган. Маълум бўлишича, Наримон Умар ўз маърузасида Сурхондарёга амалдаги ҳукуматнинг ўта илиқ муносабати, бу ердаги улкан бунёдкорлик ишлари ортида мавжуд раҳбарлар турганини эътироф этган. У мабодо президент бўлса, ана шу ишларни давом эттиришини айта олибди, холос.

Шунингдек, бугун Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партиясидан Ўзбекистон Республикаси президентлигига номзод Сарвар Отамурод хоразмлик сайловчилар билан учрашган, бу ерда ҳам ўша гап – мавжуд ҳукумат ва давлатнинг муваққат раҳбари мақталган.

Демак, табиийки, ақли расо сайловчилар, агар шунақалари бизда бўлса, сайловларда бу каби қўғирчоқлардан кўра, қўғирчоқбошини танлайдилар. Қолаверса, бу қўғирчоқ номзодлар 4 ноябрда тахтга режимбоши-2 (Шавкат Мирзиё) ўтиришини ҳам, ўзлари қўғирчоқ номзодлар эканликларини ҳам, жуда яхши билишади.