01 November 2016
19:07 - Шавкат Мирзиёнинг сайловолди дастури эълон қилинди, унда ҳеч қандай жиддий ислоҳотлар борасида гап йўқ, демак, қашшоқликдан чиқолмаймиз

Ўзбекистон Либерал-Демократик Партияси сайтида Ўзбекистон президентлигига номзод Шавкат Мирзиёнинг сайловолди дастури эълон қилинди.

Дастурга кўра, давлат ҳокимияти тизимида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси, давлат ва жамият ҳаётида мавжуд сиёсий партияларнинг ролини кучайтирилади. Ҳудудларни ҳар томонлама ривожлантириш, ижтимоий-иқтисодий дастурларни амалга ошириш, қонунлар ижросини таъминлаш, жойлардаги давлат бошқаруви органлари фаолиятини мувофиқлаштириш борасидаги барча бўғинлардаги ҳокимиятларнинг вазифа ва ваколатлар тизими такомиллаштирилади.

Ҳокимлик идораларининг моддий-техник таъминоти ва ходимларининг меҳнатига ҳақ тўлаш тизими тубдан қайта кўриб чиқилади. Ушбу ишларни амалга оширишда "Маҳаллий давлат ҳокимияти тўғрисида"ги қонунни янги таҳрирда қабул қилиш режалаштирилган. Давлат муассасалари ходимларининг масъулиятини ошириш ва шунингдек, уларнинг ҳуқуқлари кафолатларини мустаҳкамлаш мақсадида "Давлат хизмати тўғрисида"ги қонун қабул қилинади.

“Асосий ва муҳим вазифа - 2030 йилга қадар Ялпи Ички Маҳсулот ҳажмини икки баробардан зиёд кўпайтириш, иқтисодиёт таркибида саноат улушини 40 фоизга етказиш бўйича аниқ мақсадли дастурлар амалга оширилади” дейилади дастурда.

Кўриниб турибдики, Шавкат Мирзиё на сиёсий, на иқтисодий соҳада ҳеч қандай ислоҳотлар ўтказмоқчи эмас. 2030 йилгача Ялпи Ички Маҳсулот ҳажмини икки баробардан зиёд кўпайтириш режалаштирилгани кўрсатмоқдаки, Ўзбекистон қолоқликдан чиқолмайди. Чунки, ҳозироқ ЯИМ ҳажми бўйича қозоқлардан 4 баравар орқадамиз. Қозоғистон аҳолисининнг сони биздан 2 баравар оз бўлгани учун, киши бошига ЯИМ ҳажми бўйича қозоқлардан 8 баравар орқадамиз. Бўлиши мумкин бўлмаган нарсани фараз қилиб, қозоқларда бундан буён ЯИМ мутлақо ошмайди деб ҳисобласак ҳам, 2030 йилда қозоқлардан киши бошига ЯИМ ҳажми бўйича 2 баравар орқада бўламиз. Демак, ўзбек профессорлари ҳеч қандай янгилик кутмасдан, Қозоғистонга бориб дворниклик қилганлари яхши. Чунки, уларда дворниклар ҳозироқ бизнинг профессорлардан кўп ойлик олишади.