
21 октябрдаги хабарларимиздан бирида АҚШ Давлат Котибининг сиёсий масалалар бўйича ўринбосари Томас Шеннон аввал Қозоғистон ва Қирғизистонда бўлиб, кейин Тошкентга келишини билдирган эдик. Кеча Томас Шеннон Самарқандга келиб, ҳаромий Ислом Каримнинг ахир бир кун муқаддас ўзбек тупроқларидан отиладиган қабрини зиёрат қилибди.
У бугун Тошкентда Ўзбекистоннинг вақтинча президенти Шавкат Мирзиё билан учрашди. Бу ҳақда хабар берган давлатниннг расмий ЎзА агентлиги учрашувга доир ҳеч қандай расм бермагани қизиқ. Аммо, бошқа қўғирчоқ агентликлар биз ҳам хабаримизга илова қилаётган расмни тарқатдилар. Қизиқ, улар расмни қаердан олдилар?
Умумий гаплардан иборат хабар тарқатган ЎзАга кўра, Шавкат Мирзиё ва Томас Шеннон Ўзбекистон-АҚШ муносабатлари ўзаро ҳурмат ва ишонч, бир-бирининг манфаатларини инобатга олиш тамойиллари асосида изчил, муваффақиятли ривожланаётгани ва мустаҳкамланиб бораётганини таъкидлабдилар. Бош қароргоҳи Вашинтонда жойлашган ва АҚШ ҳукумати тарафидан молиялаштириладиган Фридом Хауз (Freedom House) ташкилоти Ўзбекистонимизни инсон ҳуқуқлари масаласида дунёнинг Сомалиядан кейинги энг ёмон давлати деб ҳисоблашини эътиборга олсак, ЎзАнинг хабаридаги гаплар мутлақо ёлғон эканлиги ўз-ўзидан маълум.
Тахмин қилиш мумкинки, Томас Шеннонниннг мақсади - Ислом Каримдан кейин Ўзбекистонда хўжайин бўладиган Шавкат Мирзиё замонида нималар бўлишини ўрганишга интилиш бўлган. Яна тахмин қилиш қийин эмаски, аслида америкаликлар аллақачон Ўзбекистондаги ҳамма воқеаларни “Бирлик” Партиясининг жарчиси бўлган “Ҳаракат” Агентлиги бераётган баҳолардан ўрганмоқдалар ва ўрганишни давом эттирадилар. Чунки, уларнинг бошқа йўли йўқ.