19 October 2016
23:05 - Мусулмон аёлнинг ҳижобини тортиб олган америкалик минг доллар жарима тўлайди, 2 ой уй қамоғида ўтиради. Аммо, буёғи нима бўлади?

АҚШнинг Нью-Мексико штатидаги Albuquerque шаҳрида чиқадиган Albuquerque Journal номли газета кеча хабар қилишича, АҚШнингШимолия Королина штатида яшайдиган 37 ёшли тадбиркор Гилл Паркер Пейн (расмда) ўз ишлари билан ўтган йили декабрь ойида Иллинойс штатидан Albuquerque шаҳрига учиб кетаётганда, ҳижобга ўралган Хавла Абдел-Ҳак исмли мусулмон аёлни кўриб, “Буни ечиб ташла, бу ер Америка” деб, ҳижобини бошидан тортиб олибди.

Хавла Абдел-Ҳак учоқ ерга қўнгандан кейин полицияга мурожаат қилибди. Шу кунларда суд бўлибди. Гилл Паркер Пейн ўша куни кайфи бўлгани, бўлган воқеани эслай олмаётганини айтиб, қилган хато иши учун кечирим сўрабди. У ўша воқеадан кейин китоблар ўқиб, Ислом динини чуқурроқ ўргангани ва ҳатто бир мачитга бориб, уни кўриб келганини ҳам айтибди. Хавла Абдел-Ҳак ҳамма нарса эсида эканлигини, бу воқеани ҳеч қачон унутмаслигини урғулабди.

Судья икки тарафни эшитгач, айбдорга 1 минг доллар жарима солибди, уни бир йилга шартли озодликдан маҳрум қилибди, биринчи икки ой айбдор уй қамоғида бўлади.

Содда мусулмонлар бу хабарни ўқигач, бўлган воқеани динимизнинг ютуғи деб қабул қилишлари табиий, дейди мухбиримиз. Аслида, ундай эмас. Ҳозир бутун дунёда мусулмонларга муносабат жиддий шаклдда ёмонлашмоқда. Европада мачитларни бекитишни талаб қилаётганлар ўртага чиқа бошлади. АҚШда бўлган бу кичкина воқеа ва унга ўхшаган воқеалар - Ислом дини, мусулмонларнинг ҳақ-ҳуқуқлари, уларнинг АҚШдаги ўрни атрофидаги гапларни янада чувалтиради. Оддий америкаликлар “Нима, мусулмонларнинг одатларига йўл бериш керак бўлса, эркак мусулмонларга 3 хотинлик бўлишга, мусулмон ўғриларнинг қўлини кесишга, каттароқ жиноятчиларни тошбўрон қилиб ўлдиришга, бориб-бориб мусулмонларга Шариат қонунлари билан яшашга рухсат ҳам бериш керакми? Ундан кейин кун тартибига АҚШни исломий давлатга айлантириш масаласи чиқадими?” деган саволларни кўтаришга бошлайдилар.

Мусулмонлар, биринчи навбатда, Ислом уламолари бўлаётган жараёнларга эътибор беришлари, “Нима қилиш керак?” саволи устида ўйлашлари керак. Ўйлашга бошласалар, Ислом динида фундаментал ислоҳотлар ўтказиш лозимлигини тушунадилар.