06 October 2016
19:21 - Курд террористлари ўлдирган турк ҳарбийсининг хотини сочларини юлиб эрининг тобутига қўйди
Курд террористларининг навбатдаги ҳужумларидан бирида ҳалок бўлган жандарма офицери, 25 ёшли Эрду Демирел бугун ўзи туғилиб ўсган Ўрду вилоятининг Гюргентепа туманида дафн этилгани турк ахборот воситаларида хабар қилинди. Бош вазир ўринбосари, вилоят губернатори ва бошқа расмийларнинг иштирокида ўтказилган маросимда Эрду Демирелнинг хотини Буржу қўлида 3 ойлик фарзанди билан қилган дод-фарёдлари ҳаммани йиғлатибди.

Буржи қўлидаги чақалоғини тобут устига ётқазиб, унинг лабларини ва қўлчаларини тобутга тегизтиргандан кейин, ўз сочларидан толалар юлиб, тобут устига қўйибди. Унинг “Сени ҳеч кимга бермайман, берсам ўғлимга нима дейман” деб қилган фарёдлари ҳаммани йиғлатди, дейилади хабарда.

Эрдунинг ота-онаси, униг икки укаси ҳам, табиий, шу ерда бўлишган. Онанинг фарёдлари ҳам ҳаммани йиғлатган.

Курдларнинг коммунистик руҳдаги ПКК партияси мустақиллик учун ўн йиллардан бери террористик уруш олиб бормоқда. Бу урушда турклардан ҳам кўпроқ курдлар ўлмоқда.

Шу кунларда ҳам давом этаётган қон тўкилишнинг сабаби - курдлар 21 аср билан дунёнинг жуда кўп ерларида мустақиллик учун урушлар олиб борилган 20 асрнинг ўрталаридаги фарқни тушунмаётганларидадир. Хозир анчагина демократик бўлган Туркияда курд миллати ўз борлигини кўрсатолиш, ўз келажаги учун тинч йўллар билан курашиш имконияларига эга. Ҳозир Туркия парламентида курдларнинг 80 нафардан кўпроқ депутати бор. Шундай экан, қон тўкишнинг ҳеч кераги йўқ.