Маҳаллий матбуот хабарига кўра, Ўзбекистон президенти вазифасини вақтинча бажараётган Шавкат Мирзиёнинг онлайн-қабулхонаси дастлабки 10 кун муддатда уч мингдан зиёд фуқаронинг мурожаатлари қабул қилинибди. Қабулхона ахборот хизматининг Facebook ижтимоий тармоғидаги хабарда унинг фаолият бошлаганига атиги 10 кун бўлгани айтилади. “Қабулхонага 3 мингдан зиёд мурожаат бўлди. Кўплаб фуқароларнинг муаммолари бир-икки кун ичида ҳал этилди”, - дейилади маълумотда.
Солиштириш учун айтиш керак, 2015 йилда Ўзбекистон Олий Мажлисининг инсон ҳуқуқлари бўйича вакили - Омбудсманга йил давомида 9000 га яқин мурожаатлар бўлган. Ана шу мурожаатларнинг 3-5 фоизи ижобий ҳал этилган.
Қизиқ, агар “Харакат” Агентлиги Шавкат Мирзиёнинг онлайн-қабулхонасига “Жаноб вақтинча ва умрбод президент! Сиз Бош вазирлик қилган йиллари ҳар қандай мамлакат иқтисодининг асосий кўрсатгичи бўлмиш Киши бошига Ялпи Ички Маҳсулот ҳажми бўйича Ўзбекистоннинг қўшни Қозоғистондан орқада қолиш даражаси доим ортиб борди. Ўзбекистонда ўртача ойлик бор-йўғи 90 доллар атрофида бўлса, Қозоғистонда 800 доллардан кўп бўлди. Ўзбек профессорлари қозоқ дворникларидан кам маош оладиган ҳолга тушдилар. Бунинг айбдори Сизми, ёки бошқаларми?” деган арз-савол билан мурожаат қилса, у қандай ҳал қилинаркин?