05 October 2016
06:40 - Қизиқ: Самарқандда қурол-яроғ яширилган ўра топилибди. Унинг эгасига “Ўзбекистон қаҳрамони” унвони берилиши керак!

Sputniknews-uz.com электрон нашрининг хабарига кўра, Ўзбекистон ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари Самарқанд вилояти Оқдарё туманидаги Пўлат Дарғом маҳалласида қуроллар яшириб қўйилган ўрани аниқлашибди. Тергов маълумотларига қараганда, ўра 1996 йилда Каттақўрғон шаҳар артиллерия бригадасида хизмат қилган собиқ ҳарбий ва унинг қариндоши томонидан қазилган. Ўранинг чуқурлиги бир метр бўлиб, унинг тепаси ғилдиракли вагон билан тўсиб қўйилган.

"Ўрадан қурол мойи билан мойланган, ўраб қўйилган жанговар ҳолатдаги қурол-яроғлар топилди. Оператив ходимлар ўрадан иккита АК-74 автомати, турли калибрдаги 79 дона патрон ва иккита АК-74 магазини, уч дона тротил шашкаси, тўрт дона қўл гранатаси портлатгичи ва тўрт дона РГД-5 ва Ф-1 гранаталарини топишди", - дейди интернет нашри ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимига иқтибосан.

Мазкур ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилиб, тергов-суриштирув ишлари олиб борилаётган экан.

Хабарнинг қизиқлиги шундаки, агар бу ўранинг эгалари топилса, уларга 20 йилдан бери қуролларни ишлатмаганлари учун “Ўзбекистон қаҳрамони” унвони бериш керак эмасми? Бериш керак, чунки, бундай ишни фақат ўзбеклар қилолади.