Reuters Агентлиги ҳозиргина тарқатган хабарда айтилишича, Покистоннинг шимолий-ғарбида, Афғонистон билан чегараларига яқин Пайихон қишлоғидаги мачитда ўлимчи террорист “Оллоҳи Акбар!” деб бақириб туриб, ўзини портлатган. Камида 16 киши ўлиб, 20 дан кўп одам ярадор бўлган.
Покистонда Қурбон байрами куни ҳам бир жомеда байрам номози пайтида ўлимчи террорист ўзини портлатиб 8 кишини ярадор қилган экан. Террористлар уч киши бўлиб, уларнинг иккитасини полиция жомега кираверишда, кўринишлари шубҳали бўлгани учун ушлаб қолибди, улар қочмоқчи бўлганда полиция биттасини ўлдирибди, иккинчиси қўлга олинибди. Жоме шиаларники экан. Демак, табиий террорчилар суннийлар бўлишган.
Бугун портлаш кимнинг мачитида, шиаларникидами ёки суннийларникида эканлиги хабарларда айтилмаган. Нима бўлганда ҳам, исломий терроризм борган сари кенгайиб бораётгани кўриниб турибди. “Ҳаракат” доим айтиб келаётганидек, Ислом динида фундаментал ислоҳотлар ўтказилмаса, исломий терроризм тўхтамайди, Ислом дунёси қашшоқлик ва қолоқликдан чиқа олмайди.