16 September 2016
10:27 - Қирғизистон Президенти Атамбаев ўзбек Қодиржон Ботировнинг мамлакатдан қочишида вақтли ҳукуматнинг ролини ўрганишни талаб қилмоқда

Қирғизистон Президентининг идорасига асосланиб тарқатилаётган хабарларга кўра, Президент Алмазбек Атамбаев мамлакат Бош прокуратурасига ўзбек аслли миллионер Қодиржон Ботировнинг 2010 йилдаги қонли воқеалардан кейин Қирғизистондан қочишида ўша пайтдаги вақтли ҳукумат аъзоларининг қандай роли бўлганини ўрганиш учун махсус комиссия тузиш ҳақида топшириқ берибди.

“Ҳаракат” Агентлигининг ўша қонли воқеалар давридаги хабарларидан маълумки, Қодиржон Ботиров  (расмда) ўша кунларда шахсий манфаатларидан келиб чиқиб, ўзбекларни Қирғизистоннинг ғарбий қисмида аввалги президент Бақиевни қўллаб-қувватловчи қирғизлар билан тўқнашувга олиб кирган ва 3 кунда 300 ўзбекнинг ваҳшийларча ўлдирилишига йўл очиб берганлардан бири бўлган эди.

Қодиржон Ботиров ўша кунларда айнан Алмазбек Атамбаевга хизмат қилгани ҳам маълум. Агарда у ўзбекларнинг манфаатларидан келиб чиқиб ва “Бирлик”нинг жарчиси бўлган “Ҳаракат”нинг хабарларида берилаётган таҳлилларга қулоқ солиб иш олиб борса эди, Қирғизистонда жанубий ва ғарбий қирғизларнинг жанжалидан энг катта фойда билан чиққанлар ўзбеклар бўларди. Аммо, минг афсуски, ўша воқеалар доирасида энг катта зарба остида айнан ўзбеклар қолган эди.

Кўринишидан, ўша қонли воқеаларнинг 6 йиллигидан кейин Алмазбек Атамбаев ўзбекларга қарши янги фитналар уюштириш ҳаракатига тушган. Уни Ислом Каримдан кейин ҳам Ўзбекистонда тожиклар режими ҳокимимятда қолиши мумкинлиги рағбатлантирган бўлиши мумкин.

Эслатиб ўтамиз, 2014 йил 23 октябрь куни Ўш шаҳар суди Қодиржон Ботиров ва Қирғизистондаги ўзбек жамоаси етакчиларидан бири бўлган Иномжон Абдурасуловларни 2010 йилдаги қонли воқеаларга алоқадорликда айблаб, сиртдан умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилган эди.