15 September 2016
01:07 - Паралимпиячиларимиз Риода 11-ўринда. Улар оддий ўзбеклардан бошқача яшаб, ош ейиш ва туалетга боришдан ташқари спортга ҳам эътибор берадиларми?
Рио–2016 Паралимпия ўйинларининг олтинчи кунида битта бронза медалини қўлга киритган Ўзбекистон делегацияси медаллар рейтингида 11-ўриндан жой олди. Айни пайтда Ўзбекистон делегацияси ҳисобида 6 та олтин, 4 та кумуш ва 14 та бронза - жами 24 та медаль мавжуд. Ушбу кўрсаткич Осиёда Хитойдан сўнг иккинчи, МДҲ мамлакатлари орасида эса Украинадан кейин иккинчи бўлиб турибди, дейди Ўзбекистон Миллий Паралимпия Қўмитаси.

Умумжамоа ҳисобида кучли учлик яна ўзгаришсиз қолди: Хитой (63–51–33), Буюк Британия (34–18–23), Украина (27–21–24). АҚШ делегацияси (21–21–19) ҳам тўртинчи ўринни сақлаб турибди.

Ўзбек спортчиларининг бу ғалабалари хусусида киноя қилиш ниятимиз йўқ, дейди мухбиримиз. Аммо, ақли бор одамнинг ҳаёлига келадиган баъзи саволларга жавоб қидириш мажбуриятимиздир.

Ўзбекистонда ўртача ойлик Туркманистон ва Қозоғистондан 6-8 баравар кам экан, ўзбек профессорлари қозоқ дворникларидан кам маош олар экан, сони миллионга яқин ёки ундан ошган ўзбеклар оила боқиш учун Россия ва бошқа мамлакатларда ҳуқуқий ва ижтимоий ҳимояланмаган ҳолда мардикорчилик қилар экан, яъни бир оғиз сўз билан айтсак, Ўзбекистон ва ўзбеклар шундай ғариб аҳволда экан, ўзбек спортчиларининг яқинда Рио-де-Жанейрода бўлиб ўтган XXXI Олипиада ўйинлари ва ҳозир яна ўша Рио-де-Жанейрода ўтаётган Паралимпия ўйинларидаги муваффақиятлари ҳар қандай одамни ўйлантириб қўяди. “Ҳаракат”нинг сайтида бир неча йил аввал ўзбек миллатининг бугунги аҳволини мутлақо тўғри ифодалайдиган қуйидаги шеър эълон қилинган эди:

Қуёш чиқди, ботади ҳам албатта,
Нонушта бор, ош ейиш бор навбатда,
Бўш қолмаймиз иккисининг орасида,
Ўтирамиз кучаниб туалетнинг бошида.

Бизга бошқа нима керак?
Ўзига бек ўзбекмиз!
Юраверсин бошқалар
Бош ишлатиб ҳар ерда.

Кўринишидан, ўзбекнинг спортчилари бошқачароқ. Улар овқат ейиш ва кучаниб ўтиришдан ташқари спорт билан ҳам шуғулланадилар. Нима ҳам дердик, ҳеч бир киноясиз “Офарин!” деймиз.

Ким билади, ўзбекларни бош ишлатишга ҳам ўргатиш ва юқоридаги шеър муаллифини шарманда қилиш мумкиндир.