12 September 2016
20:22 - Қурбонликлар қонидан Босфор кўрфази ҳар доимгидек қизил рангга бўялди
Ҳамма нарса Оллоҳдан деймиз. Агар Оллоҳ бу жоҳиллигимиздан рози бўлса эди, мусулмонлар жаҳонда энг илғор жамоа бўларди. Афсуски, ҳозир ҳамма нарса аксинча.

Ҳозир қабул қилинган Ислом удумларига кўра, имкони бўлган ҳар бир мусулмон қурбонлик қилиши керак. Аслида, ҳар бир мусулмон шундай қиладими? Йўқ. Энг фанатик давлатларда ҳам бир оила бир қурбонлик қилади. Яъни, зукко мусулмонлар Исломни аллақачон ислоҳот қилиб, оила номидан бир қурбонлик қилиш йўлига ўтганлар. Энди, ислоҳотнинг иккинчи босқичига ўтиш вақти келди. Ҳамма мусулмонлар номидан Маккада битта ҳайвонни қурбон қилиш керак, вассалом. Ундан кейин, вақти келиб, қурбонликни қон тўкилмайдиган рамзий бир амалиётга айлантирамиз.

* * *

Юқоридаги қисқа хабар – “Ҳаракат” тарафидан 2011 йил 6 ноябрда, яна ўша пайтдаги Қурбон байрами куни эълон қилинган эди. Расм ҳам ўша куннинг расми.

Мана 5 йил ўтди. Бугун ҳам Туркиянинг дунёвийлик тарафдори бўлган оммавий ахборот воситалари, масалан, бу мамлакатдаги энг катта “Миллиёт” газетаси айнан шу каби расм эълон қилиб, Босфор кўрфази қонга тўлганини ёзди.

Мусулмонлар 21 асрда ҳам шундай қон оқизиш билан шуғулланиши - Ислом динининг обрўсини туширишга хизмат қилмоқда, холос.

5 йил аввалги хабримиздаги қуйидаги жумлаларни қайтариш керак деб ҳисоблаймиз: “Ҳамма мусулмонлар номидан Маккада битта ҳайвонни қурбон қилиш керак, вассалом. Ундан кейин, вақти келиб, қурбонликни қон тўкилмайдиган рамзий бир амалиётга айлантирамиз.”

Ҳа, вақти келади, мусулмонлар номи “Қурбон байрами” бўлган кунда қон тўкиб қурбонлик қилмайдилар, ибодат билан чекланадилар.