
Ўзбекистон Республикасининг Биринчи президенти Ислом Каримнинг ўлими билан боғлиқ асоссиз миш-мишлар тарқалишига қарши кураш чора-тадбирлари янада кучайтирилади, дейилади республика Ички Ишлар Вазирлигининг хабарида. "Айни вақтда ижтимоий тармоқлар, интернет-мессенжерлар ва интернет-телефония сервисларида тарқатилган ёлғон маълумотларни аниқлаш ва уларнинг олдини олиш борасида ишлар олиб борилмоқда" эмиш.
Гап ижтимоий тармоқлар орқали Ислом Каримнинг вафоти санаси ҳақида ёлғон маълумот тарқатганлар ҳамда Ўзбекистоннинг биринчи Президенти вафотидан кейин мамлакатда ижтимоий-сиёсий вазият ёмонлашади дея аҳоли ўртасида ваҳима ёйганлар ҳақида бормоқда.
Табиий, Ўзбекистон Президентини “Ислом Каримов” эмас, “Ислом Карим” ва ҳатто “Режимбоши” деб тилга олаётган бўлса ҳам, мамлакатда ижтимоий-сиёсий вазият Ислом Карим замонида ўта ёмонлашиб бўлгани, унинг вафотидан кейин ҳеч нарса ўзгармаслигини ёзаётган “Ҳаракат” Агентлигини ҳеч ким миш-мишлар тарқатишда айблай олмайди. Чунки, биз Ислом Карим яратиб бўлган дабдала аҳвол ўзгармаслигини ёзмоқдамиз, холос. Мабодо, ёмонлашса, бу ҳақда ҳам албатта бонг урамиз.