10 September 2016
15:20 - Ҳақиқий хабар “Ҳаракат”да ўқилар: Шимолий Корея ядровий бомба портлатди, дунё дод-вой қилмоқда, АҚШ ширкатлари акцияларининг нархи ўпирилиб тушди

Кеча, 9 сентябрда Шимолий Корея ўз тарихидаги энг кучли ядровий бомбани навбатдаги синов доирасида портлатди. Бутун дунё бу синов Шимолий Кореяда ҳокимиятда бўлган Корея Халқ Партиясининг стратегик ядровий кучга эга бўлиш дастури ишлаётганини намойиш қилиш мақсадида амалга оширилгани ҳақида бақир-чақир қилмоқда. Жанубий Кореянинг мутахассислари портлатилган бомбанинг кучини 10 килотонна деб баҳоладилар. Шу йил январь ойида Шимолий Кореяда 6 килотонналик бомба портлатилгани ҳам айтилди.

Корея Халқ Демократик Республикасининг диктатор-лидери Ким Чен Ин АҚШ раҳбарлигидаги Ғарбга қаратилган таҳдидллар тўла баёнот ҳам тарқатди.

Россия Президенти матбуот котиби Дмитрий Песковнинг умумий шаклдаги баёноти Ким Чен Инни Ғарбга қарши намойишкорона ишлар қилишга рағбатлантиришдан бошқа нарса эмасди.

АҚШ Президенти Барак Обама Шимолий Корея ядровий супердавлатга айланишига йўл бермасликларини урғуловчи баёнот тарақатди, аммо ҳозирча ҳеч нарса қилолмаётганларини тилга олмади.

Япония Бош вазири бу синовни провокация деб баҳолади ва КХДР бу провокация учун жавоб беради, деб таҳдид қилди.

БМТ Бош Котиби Пан Ги Мун КХДРнинг ядровий синовлари Суриядаги кризисдан ҳам жиддийроқ эканлигини урғулади.

Тўғри, дунё дод-вой солмоқда, аммо бу дод-войлар қуруқ гап-сўз. Амалий ишни Нью-Йорк фондлар биржаси қилди. Кеча Шимолий Корея энг кучли ядровий бомбани портлатгани эълон қилингандан кейин, биржанинг асосий кўрсатгичи бўлган Dow Jones индекси 395 поғанага ўпирилиб тушди. Бу дегани, АҚШнинг энг катта 30 та ширкати акцияларининг ўртача нархи 2 фоизга тушиб кетди. Ваҳолангки, Dow Jones сўнги ойларда тарихий рекордларни кетма-кет уриб сал кам 18,7 минггача чиққан, кейин бироз тушса ҳам, умуман олганда юксак даражада турганди.

Кеча биржа бекилганда Dow Jones 18085 га тенг бўлди. Тўғри, бу ҳам ёмон эмас. Аммо, қандайдир Жанубий Кореядаги ядровий бомба синови Dow Jones индексини бунчалик уриши АҚШнинг ишлари яхши эмаслигини кўрсатувчи жиддий сигналдир.

Украина ва Суриядаги воқеаларда Россия ўзини АҚШдан кучлироқ қилиб кўрсатолгани, Нью-Йорк фонлар биржасини қандайдир Жанубий Корея уролгани кўрсатмоқдаки, республикачиларнинг президентликка номзоди Доналд Трамп айтаётгандек, АҚШ ростдан ҳам катта ўзгаришларга муҳтож. Америкаликлар ҳам буни тушунишга бошладилар шекилли, шу кунларда президентлик пойгасида Доналд Трамп демократларнинг номзоди Ҳиллар Клинтондан олдингча чиқди.

“Ҳаракат” Агентлиги эса, бу сайловларда Доналд Трамп ғалаба қозонишини ҳаммадан аввал башорат қилиб бўлганди. Нима ҳам дердик, “Ҳарқиқий хабар “Ҳаракат”да ўқилар”.