
Дунёнинг оммавий ахборот воситалари АҚШ ва Россия ташқи ишлар вазирлари Жон Керри ва Сергей Лавров Женевада навбатдаги учрашувдан кейин ниҳоят Сурия масаласида келишганларни хабар қилмоқдалар.
Маълумки, Сурия масаласида бу икки мамлакатнинг мақсадлари бутунлай бошқача. Россиянинг мақсади - ўзининг Яқин Шарқдаги ягона иттифиқчиси бўлиб қолган Суриядаги мусулмонларнинг шиаларга яқин алевитлар оқими қўлидаги режимни, яъни Башар Асад режимини сақлаб қолиш. АҚШнинг мақсади – бунинг тескариси - Башар Асад режимини йиқитиш. Бу масалада келишиб бўлмайди, ҳамма нарсани куч ҳал қилади.
Аслида, кеча Жон Керри ва Сергей Лавров келаётган Қурбон байрами кунидан бошлаб ўқ отишни тўхтатиш хусусида келишибдилар. Турклар бундай воқеани, яъни оташларни кесишни “оташкес” дейдилар. Ўзбеклар ҳам бу атамани қабул қилсалар ёмон бўлмасди.
Демак, айтиш мумкинки, АҚШ ва Россия оташкес хусусида келишдилар. Аммо, ИШИД, Жабҳа ан-Нусра (Ал-Қоиданинг Суриядаги қаноти, яқинда номини Жабҳа Фатаҳ аш-Шом деб ўзгартирди) ва бошқа террористик гуруҳлар бу келишувни қабул қилмасалар, табиий, қабул қилмайдилар ҳам, ҳеч қандай оташкес ҳам бўлмайди.
Қолаверса, АҚШ ва Россия бундан аввал ҳам оташкес эълон қилган эдилар, аммо ҳеч нарса ўзгармаганди. Бунинг устига, ҳозир Туркия Сурия урушига тўғридан-тўғри киришди, унинг қўшинлари Сурия билан чегарадош баъзи ҳудудларни Башар Асаднинг дунёвий мухолифатчиларига тегишли Озод Сурия Армия билан биргаликда тўла ўз назоратлари остига олиб бўлдилар.
Ҳозир Туркия Россия-АҚШ ўртасидаги оташкес келишувига қўшилиши ҳам мумкин, аммо бу нарса узоққа чўзилмаслиги ўз-ўзидан маълум. Чунки, Туркиянинг асосий нишони Башар Асад режими эмас, у ердаги курдлардир. Ироқда курдлар сал кам мустақил курд давлати қуриб бўлдилар. Ҳозир улар Сурияда ҳам шундай қилмоқдалвар. Кейин навбат Туркияда курдлар давлати қуришга, кейинчалик ҳамма курд давлатларини бирлаштиришга келади.
Курдлар муаммоси ҳам қўшилиб, бу минтақада яқин орада ҳақиқий тинчликка, минг афсуски, эришиб бўлмайди.