08 September 2016
20:13 - Шавкат Мирзиё Ўзбекистоннинг муваққат президенти этиб тайинланди, диктатура давом этадими?
Бугун Тошкентда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатлари ва Сенати аъзолари, таклиф этилган Вазирлар Маҳкамаси аъзолари, вазирликлар ва идоралар раҳбарлари, бошқа ташкилотларнинг, оммавий ахборот воситаларининг вакиллари иштирокида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ва Сенатининг қўшма мажлиси бўлиб ўтди. Мажлисда “Ўзбекистон Республикаси Президентининг вазифа ва ваколатларини бажаришни вақтинча юклаш тўғрисида”ги масала кўриб чиқилди.

Қўшма мажлис давомида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раиси Ниғматилла Йўлдош Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Шавкат Мирзиёнинг давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларида раҳбарлик лавозимларидаги кўп йиллик тажрибасини, аҳоли ўртасидаги ҳурмат-эътиборини инобатга олган ҳолда, Ўзбекистон Республикаси Президенти вазифа ва ваколатларини бажаришни унинг зиммасига вақтинча юклаш мақсадга мувофиқлиги тўғрисидаги таклиф билан мурожаат қилди. Ҳолбуки, Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 96-моддасига кўра, бу лавозимга ҳеч бир монъеликсиз унинг ўзи ўтириши лозим эди.

Сиёсий партиялар фракциялари раҳбарлари, депутатлар ва сенаторлар ҳозирги шароитда барқарорликни сақлаш, жамоат хавфсизлигини ва ҳуқуқ-тартиботни таъминлаш, мамлакатни ривожлантиришнинг энг муҳим сиёсий ва ижтимоий-иқтисодий масалаларини самарали ҳал этиш зарурлигини эътиборга олиб, Ўзбекистон Республикаси Президентининг вазифа ва ваколатларини бажаришни Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Шавкат Мирзиё зиммасига юклади. Шундай қилиб, воқеалар ривожи кутилганидек йўналиш олди ва Шавкат Мирзиёнинг мамлакат президенти бўлиши эҳтимоли катталашди. Мажлисда Шавкат Мирзиё 100 фоиз овоз олди!

Бу қарор қабул қилинганидан сўнг Шавкат Мирзиёев сўзга чиқди ва ўзига билдирилган ишонч учун ҳаммага самимий миннатдорчилигини билдирди. Унинг нутқида қуйидаги сўзларгагина эътибор бериш керак: “Ислом Абдуғаниевич Каримов бизга васият қилиб қолдирган барча ҳаётий тамойилларга оғишмасдан, қатъий амал қиламан.”

Маълумки, Лубянка тарафидан елкамизга ўтқазилган кундан бошлаб, Ислом Карим Ўзбекистонни СССР таркибида олиб қолиш учун курашди, мустақиллик тарафдорларини йўқ қилиш ҳаракатида бўлди. Унинг асосий вазифаси Ўзбекистоннинг давлат, СССР таркибида славян ва насроний бўлмаган энг катта халқ, яъни ўзбекларнинг миллат сифатини йўқ қилиш бўлди. Демак, Шавкат Мирзиё шу ишни давом эттирмоқчими?

Балки, бугунги нутқққа катта эътибор бериш керакмасдир. Бу шунчаки инерция билан айтилган гаплардир. Кўрамиз.

Шу қўшма мажлис қарори билан Ўзбекистон Республикаси Марказий Сайлов Комиссиясига конституцияга мувофиқ, сайлов кампаниясини эълон қилиш тавсияси берилди. Эндиликда Ўзбекистон Республикаси президенти сайлови 3 ой мобайнида ўтказилади.

"Парламентнинг бугунги қўшма йиғилишида президент сайловлари аниқ санаси кўриб чиқилмади, бу Марказий Сайлов Комиссияси ваколатига киради. Конституцияга мувофиқ, сайлов 3 ой мобайнида ўтказилади", - дейилади Сенат матбуот хизмати хабарида.