
Бу мамлакатда 15-июлдан 16-чига ўтар кечаси давлат тўнтариши қилишга уринишдан кейин Ражаб Эрдўғон тарафидан фатхулла-гуленчиларга қарши бошланган “жодугарлар ови” – икки ислом фанатиги Эрдўғон ва Гулен орасидаги тахт учун кураш эканлигидан ташқари, Ислом динига хос оддий масхарабозликдир.
Бундай масхарабозлик бугун эмас, Ислом дуни туғилган 7 асрдаёқ бошланган. Муҳаммад пайғамбарнинг 632 йилдаги ўлимидан кейин йиғилган унинг яқинлари аввалига бошқа бир одамни Халиф қилиб сайладилар, аммо бу йиғилиш жойига Абу Бакр етиб келгандан кейин, унинг кучини ҳисобга олиб, тўғрисини айтсак, ундан қўрққанларидан айнан уни Халиф деб эълон қилдилар. Абу Бакр 634 йилда ўз ажали билан оламдан ўтди, ундан кейин сайланган иккинчи Халиф Умар ибн ал-Ҳаттоб 644 йили оламдан ўтди, аммо учинчи Халиф Усман ибн Аффон 656 йилда унинг олиб бораётган ишларидан норози бўлганлар тарафидан ўлдирилди. Тўртинчи Халиф, пайғамбарнинг жияни, айни замонда куёви бўлган Али ибн Абу Толиб ҳам ўз мусулмонлари тарафидан ўлдирилди.
Иккала Халифнинг ўлдирилиш сабаби ғоявий эмас, оддий ТАХТ ТАЛАШИШ бўлган. Али ибн Абу Толибнинг ўлдирилиши Ислом динининг иккига – суннийлар ва шиларга бўлинишига сабаб бўлгани ҳам ҳаммага маълум.
Турклар Халифаликни қўлга олгач, улар куч билан сиёсий барқароликка эришдилар, бироқ Ислом дунёсида ҳеч қандай ривожланиш бўлмади. Аммо, дунёвийлик/секуляризм принципини қабул қилгани туфайли ўта тезлик билан ривожланиб келаётган Ғарб Халифаликни қадамма-қадам йўқ қилди. Улуғ Отатурк амалда қолмаган Халифаликни бекор қилиб, Туркия давлатини ўлимдан сақлаб қолди ва Ислом дунёсида биринчи дунёвий/секуляр давлат яратди.
Тўғри, Отатурк диндорларнинг яна ҳокимиятга келишининг олдини олиш мақсадида чекланган демократик давлат яратди. Аммо, воқеаларнинг моҳиятини тушунмаётган Ғарбнинг дин эркинлиги ҳақидаги талаблари остида Туркия қадамма қадам ростакам демократия йўлига ўтишга бошлаши биланоқ дарҳол ҳокимиятга яна ўша фанатик, бурнидан узоқни кўролмайдиган исломчилар келдилар.
Мана ҳозир, 14 аср аввалги воқеалардан нусҳа олаётган эрдўғончи ва гуленчилар тахт учун курашиб, масхаравозларча жанжал ичига кирдилар, икки гуруҳ ичида қонли уруш бошланди. Ҳозирги босқичда эрдўғончилар ғолиб чиқмоқда, аммо буёғи нима бўлади?
Буёғи нима бўлишини тушуниш учун ўнлаб ёки юзлаб мисоллардан қуйидаги 4 тасинига кўриш етарли.
1. Туркиядек давлат аҳолисининг сал кам чораги яшайдиган Истанбул шаҳрида 2004 йилдан бери ҳозирги Президент Эрдўғоннинг яқин ҳамкори, югурдаги десак ҳам бўлади, Қодир Тўрбош ҳокимлик қилади. У уч марта Эрдўғоннинг Адолат ва Тараққиёт Партияси номзоди сифатида сайловларда ғалаба қозонган. Икки кун аввал эса, унинг куёви Умар Форуҳ Қовурмачи (Ömer Faruk Kavurmacı) фатхулла-гуленчи сифатида ҳибсга олинди.
Куласизми, йиғлайсизми?
2. Узоқ йилларда бери Ражаб Эрдўғоннинг командасида бўлган, Эрдўғон Бош вазирлик қилган йиллари унинг ташқи ишлари вазири вазифасини бажарган, Эрдўғон президентикка сайлангач, унинг ўрнига ўтиб, ҳам Бош вазир, ҳам Адолат ва Тараққиёт Партияси лидери бўлган Аҳмад Довудўғлига ҳар доим бош маслаҳатчилик қилган Гуржон Балиқ (Gürcan Balık) фатхулла-геленчиликда айбланиб кеча қамоққа олинди. Аҳмад Довудўғлининг ўзи 2013 йили расмий ташриф билан АҚШга келганда, шу мамлакатда яшайдиган Фатхулла Гулен билан учрашгани ҳам ўртага чиқди.
Яна ҳам қизиғи, Гуржон Балиқ Эрдўғондан аввал президентлик қилган, Эрдўғоннинг узоқ йиллардан бери ишонган сафдоши ва дўсти бўлган Абдуллоҳ Гулнинг ҳам расмий маслаҳатчиси лавозимида ишлаган экан.
Куласизми, йиғлайсизми?
3. Туркия ички ишлар вазири Эфкан Ала NTV телеканалига берган интервьюсида мамлакатдаги 81 вилоятнинг хавфсизлик хизматлари мудирлари фатхулла-геленчилар бўлиб чиққанини гапирибди. Бу ҳақда “Жумҳурият” газетаси хабар тарқатди. Қаранг, 15-16 июлдаги исёнга 150 атрофида генерал ва адмиралнинг аралашгани иддо қилинган эди. Бу - мамалактдаги ҳамма генерал-адмиралларнинг учдан бири экан.
Бундан чиқди, давлат қандайдир террор ташкилоти қўлига ўтиб бўлибди, аммо жорийдаги Эрдўғоннинг ҳукумати бундан хабарисиз.
Куласизми, йиғлайсизми? Агар ростдан ҳам шундай бўлса, охирги 15 йил Бош вазир ва Президент бўлган Эрдўғон дарҳол истеъфога кетиши керакмасми? 5 маҳал номоз ўқиш, 1 ой рўза тутишни ҳар ким қилолади, аммо давлатни бошқариш бутунлай бошқа нарса.
4. Охирги мисол бироз бошқача. Исёндан кейин эълон қилинган Фавқулодда Ҳолат доирасида бекитилган “Ўзгур Гундем” (Özgür Gündem – Эркин Кун тартиби) газетасининг Бошқарув ҳайъати аъзоси ва журналисти Асли Эрдўғон (Aslı Erdoğan) ҳам фатхулла-гуленчиликда айбланиб, кеча ёки ўтган куни ҳибсга олинди. Бу аёл эрдўғончи ёки фатхулла-гуленчи бўлса эди, шубҳасиз, ҳижобли бўларди. Аммо, расмда кўриб турганимиздек, у тамомийла дунёвий қарашли одам. У ўз ишлайдиган газетада Фатхулла Гулен тарафдори эканлигини кўрсатувчи биронта мақола ҳам эълон қилган эмас.
Шундай экан, куламизми, йиғлаймизми?
Тахмин қилиш мумкинки, бу кетишда Эрдўғоннинг шу кунгача содиқ сафдошлари бўлган собиқ президент Абдуллоҳ Гул, собиқ Бош вазир Аҳмад Довудўғли, жорийдаги Истанбул ҳокими Қодир Тўрбош ҳам ҳибсга олинади. Ислом динининг бошланғич йилларида Муҳаммад пайғамбарнинг яқин ҳамкорлари бўлган халифларни ўлдириш оддий воқеа даражасидаги масхарабозлик бўлган экан, 1 минг 400 юз йилдан кейин қандайдир собиқ президент ва бош вазир ҳамда жорийдаги шаҳар ҳокимининг ҳибсга олиниши Эрдўғон нуқтаи назаридан оддий нарса бўлса керак. Дарвоқе, 81 вилоятнинг хавафсизлик хизмати раҳбарлари ҳам ҳибсга олиниши шубҳасиз. Балки, олиниб ҳам бўлгандир.
Куласизми, йиғлайсизми?
Энг яхшиси, Ислом дини ўлим йўлида эканлигини тан олиш ва уни қутқариб қолиш учун “Бирлик” лидери Абдураҳим Пўлат каби Ислом динида фундаментал ислоҳотлар ўтказиш устида ишлаш шартмасми? Ислоҳотлар доирасида Ислом динининг ягона фарзи имон эканлиги ҳам тан олиниши керакмасми? Ислом дини Қуръонни тўғри тафсир қилиб, дунёвийлик/секуляризм принципини қабул қилиши ва ҳокимият учун кураш каби нарсалардан узоқда туриши лозиммасми?