Reuters Агентлиги ўзининг Пентагондаги манбаларига асосланиб хабар беришича, ИШИДнинг Афғонистон ва Покистон бўйича раҳбари, тўғрироғи, шу икки мамлакатда иш олиб бораётган отрядининг командири Ҳафиз Саид Хон йўқ қилинган. У АҚШ дрони тарафидан Афғонистоннинг Покистон билан чегарадош Нангархар вилоятидаги ИШИД тарафига ўтган собиқ Толибон гуруҳига қарши 26 июлда уюштирилган бомбали ҳужум натижасида ўлдирилибди.
Ҳафиз Саид Хон ўлдирилгани ҳақида ўтган йили ҳам хабар тарқатилган эди, аммо кейин у хабар тасдиқланмади.
ИШИДнинг Сурия ва Ироқдан ташқари бошқа мамлакатлардаги, масалан, Ливия, Афғонистон ва Покистондаги гуруҳларининг раҳбарлари ўлдирилаётгани ҳақидаги хабарларнинг кети кўринмаётганига ҳайрон бўлиш эмас, кўникиш керак, дейди мухбиримиз. Чунки, Ғарб бу масалада хато йўл танлади ва ислом терроризмини, бир тарафдан, амалдаги террористларни бирма-бир йўқ қилиш, иккинчи тарафдан, мусулмонларни тўғри тарбиялаб, терроризмнинг илдизларини кесиш мумкинлигига ишониб иш олиб бормоқда.
Гап шундаки, террористлар, ёки уларнинг кўпчлиги, ўлимдан қўрқмайдилар, Оллоҳнинг топшириғини бажараётганларига, ўлсалар, тўғри жаннатга кетишларига ишонадилар. Ҳафиз Саид Хон ўлдирилган бўлса, ўрнига бошқа раҳбар тайинланади, уруш давом этаверади.