30 July 2016
01:02 - ИШИД Ўзбекистонда: Наманганда келажак террористлари устидан маҳкама жараёнлари якунланди, 7 шахсга 5-9 йил қамоқ жазоси берилди
Ўрсиларнинг “Интерфакс” ахборот агенлиги жиноят ишлари бўйича Наманган вилоят суди “Исломий давлат” террор гуруҳи сафига қўшилиш учун Сурияга кетмоқчи бўлган 7 нафар шахсни беш йилдан тўққиз йилгача бўлган муддатларга озодликдан маҳрум қилгани ҳақида ёзди. Маълум бўлишича, фуқаро Мамаюсуф Маҳмудов бошчилигидаги ушбу гуруҳ аъзолари Россияга ишлашга бориб, биз ИШИД деб атаётган исломий давлат етакчилари билан алоқа ўрнатганлар ва жиҳодга кетишни режалаганлар.

Аввалдан оёқ олиши гумонли бўлган бу шахсларнинг “Одноклассники” ижтимоий тармоғи орқали қилган мулоқотлари хавфсизлик идоралари томонидан мунтазам кузатиб турилган. “Тергов давомида бу шахсларнинг Ўзбекистонга қайтганда ўзи билан экстремистик руҳдаги материалларни электрон воситаларда ноқонуний тарзда мамлакат ичкарисига олиб киришга муваффақ бўлгани ва уларда пропаганда мақсадида фойдалангани аниқланган. Мунтазам йиғинларда гуруҳдагилар экстремистик ва ақидапарастлик ғояларини муҳокама қилган¸ радикалларнинг жиҳод қилиш ҳақидаги чақириқларини тинглашган”¸ дейилади “Интерфакс” хабарида.

Мухбиримизнинг фикрича, бу қамалганлар ўлимга ҳам тайёр бўлган одамлар, уларни қамаш билан қўрқитиб бўлармиди? Улар қамоқхонада ҳам ўз сафларига одам ёллайдилар, қамоқдан чиққач, ёки ИШИДга кетадилар, ёки Ўзбекистонда иш бошлайдилар.