Қарши Давлат Университети математиги Шокир Давлатов мингйилликнинг олтинчи муаммосини ечганини маълум қилди. Давлатов ўзининг масалага қарашини arXiv.org сайтида чоп этди. "Менинг илмий ишимда мингйилликнинг 6-муаммосини ечими берилган: фазовий ўзгарувчилар бўйича даврий чегаравий шартларга эга Навье-Стокс масаласининг ягона силлиқ ечими мавжудлиги исботланди", деб маълум қилади Давлатов.
Мазкур тадқиқот рус тилида ёзилган бўлиб, унинг аннотацияси инглиз тилида ҳам берилган. Навье-Стокс тенгламаси қовушоқ суюқликнинг ҳаракатини таърифлайди, гидродинамиканинг асосий масалаларидан бири ҳисобланади. Ҳозирнинг ўзида қашқадарёлик олимнинг иддаолари интернетда оммалашиб кетди.
Таъкидлаш керак, сўнгги марта мингйилликнинг 7 та муаммосидан бири – Анри Пуанкаре ўратага отган гипотезанинг исботини 2002 йилда россиялик математик Григорий Перельман ечган эди. Унинг бу ҳақдаги иши ҳам arXiv.org сайтида чоп этилганди. Ушбу ихтирони халқаро илмий ҳамжамият тан олган.
2014 йилда мингйилликнинг 6-муаммосини ечгани ҳақида Евросиё Миллий Университети ходими Мухторбой Ўталбоев иддао қилган, аммо у тан олинмаганди. Кўрамиз, Шокир Давлатовнинг иддаолари тан олинармикан. Биз тан олинишини, ҳамюртимиз буюк ишлар қилган олимлар қаторига қўшилишини истардик, дейди мухбиримиз.