Япониянинг Окинава ва шимолий ҳудудлар (Курил ороллари назарда тутилган – “Ҳаракат”) бўйича вазири Аико Симадзири Россия билан ўз мамлакати ўртасида бўлган ҳудудлар тортишуви бўйича музокараларни давом эттириш ва Россия билан тинчлик шартномаси тузиш ниятлари борлигини ҳозир Хиросимада бўлаётган G7 давлатларининг ташқи ишлар вазирлари учрашуви доирасида айтди.
Эслатиб ўтиш керакки, ҳозир Россия таркибида бўлган Курил ороллари аввал Японияники бўлиб, Иккинчи жаҳон урушида ғалаба қозонган СССР тарафидан тортиб олинган эди. Ўшандан бери Япония бунга кўниккани йўқ ва уларни қайтариб олиш ниятидан воз кечмоқчи эмас. Айнан шу тортишув борлиги учун СССР ва Янония уруш тамом бўлганидан кейин ҳам ҳам Тинчлик шартомаси имзоламашанлар ва расмиятчилик нуқтаи назаридан бу икки давлат ўртасидаги уруш битган эмас.
Борис Ельцин президент бўлган замонларда Япония билан Курил оролларини қайтариб бериш ҳақида келишувга кетилаётгандек кўринди. Аммо, Путин ҳокимиятга келгач, ҳамма нарса тўхтади.
Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, Иккинчи жаҳон урушидан аввалиги йиллардан фарқли ўлароқ, Япония бу масалада ўта тинчлисевар сиёсат олиб борар ва Россиянинг жиғига тегиши мумкин бўлган ҳар қандай ишдан қочар ва чекинар эди. Масалан, 2008 йили Жанубий Осетия масаласида Россия билан Гуржистон феълан уруш бошлаганларида, Ғарб очиқча Гуржистонни қўллаб қувватлади, Россияга босим уюштирди, аммо Япония бу воқеалардан узоқроқ туришга ҳаракат қилди.
Айнан ўша пайтда “Бирлик” Партияси лидери Абдураҳим Пўлат “Кенигсберг-Курил муаммолари ва Россия- Гуржистон уруши” номли мақола ёзган эди. Бу мақоланинг ўзбекча варианти “Ҳаракат” журналининг 2008 йилги 4 (73) сонида (http://harakat.net/harakat/?id_harakat=73) ва русча варианти русларнинг Центразия сайтида (http://www.centrasia.ru/newsA.php?st=1252739940) эълон қилинган.
Бу мақолада Росияга шундай баҳо берилган: “Ҳозирги Россияни Ўрта Шарқ мамлакатларида модага кирган тирик бомба-аёллар билан солиштириш мумкин. У бомба-аёлларнинг белида бир неча граната ёки бомбача боғланган, Россиянинг белида эскириб қолган бўлса ҳам дунёни йўқ қилоладиган атом ва ядровий бомбалар бор.”
Айни замонда, мақолада, унинг сарлавҳасиданоқ кўриниб турганидек, Россия ва Гуржистоннинг Жанубий Осетия учун курашига ҳозир Россияники бўлган Калининград (немисларнинг Кенигсберги) ва Курил оролларининнг тақдири масаласи нуқтаи назаридан ҳам қараш кераклиги урғуланади. Ва шундай фикр олға сурилади: Германия ва Япония руслар ахир бир кун лутф қилиб, бизга тарихий ерларимизни қайтаради деб кутириб ўтиришлари хатодир, Ғарб билан биргаликда Жанубий Осетия ва шу каби масалаларда Россияга босим уюштиришда иштирок этиш ва куч кўрсатиш керак.
Ҳозир айнан Абдураҳим Пўлат таклиф қилганидек бўлмоқда. Украина масаласида Германия ва Япония яхшилаб тиш кўрсатдилар. Мана энди, японлар 15 йилчадан бери кун тартибдан тушиб қолган масала – Курил ороллари масаласини Россия олдида қайтадан кўтармоқчилар. Иқтисоди оқсаб қолган Россиянинг ҳукмдори ҳозир японларни энг камида эшитишга мажбур бўлади
Қизиқ, немислар Кенигсберг (Калиниград) масаласини қачон кун тартибига олиб чиқишаркин?