28 July 2015
23:10 - Сурхондарёда ҳашарчи жазирама туфайли оламдан ўтди
Озодлик радиосининг ўз манбаларига таяниб, хабар қилишича, Сурхондарё вилояти Қизириқ туманидаги 2-мактабнинг 2 ҳафта муқаддам мажбуран пахта чеканкасига чиқарилган 58 яшар фарроши Момохол Даминова жазирамага чидолмай, жон берган. Қизириқ туманининг Работак қишлоғида истиқомат қилган бу аёл 2-умутаълим мактаби директори томонидан пахта чеканкасига сафарбар этилган.

“Момохол опамиз мактабда фаррош бўлиб ишлайди. Ўша кунлари ўзи мазаси бўлмай юрган экан. Лекин директор пахтага чиқасиз, деб мажбурлаган экан. Бояқиш шу ишимдан ҳам ҳайдаб юбормасин деб чиқибди, лекин иссиқдан мазаси қочиб йиқилиб қопти, далада. Уйга олиб келишгандан сўнг, кечқурун жон берибди. Офтоб ёмон урган экан. Ўзи ўша кунлари ҳаво ҳарорати 60 даражадан ошиб кетганди-ёв”, дея интервью берган воқеадан хабардор шахс.

“Ҳоким билан прокурор ҳар куни кечқурун ташкилот ва корхоналар раҳбарларини йиғиб мажлис қилади. Мажлисда фақат битта гап, “далага сен қанча одам чиқардинг, сен қанча чиқардинг?” бўлади. Больница дейсизми, коллеж-мактаблар дейсизми, бошқа ташкилот дейсизми, ҳамма пахтага одам чиқариши керак. Уч ойдан буён шу аҳвол. Дала эса дўзахнинг ўзгинаси. Момохол опанинг ўлимидан сўнг мажбурлаш бир оз сусайди, лекин ҳалиям чеканкага чиқаришяпти” деб гапирган радиога воқеадан хабардор яна бир киши
.
“Ҳаракат” мухбирининг таъкидича, Момохол Даминова вафот этган кунлари ҳаво ҳарорати ҳақиқатан ҳам Сельций шкаласи бўйича 50 даражадан юқори бўлган. Термизда бўлган мухбиримиз эса 10 кун муқаддам хонадонлардан бирига ўрнатилган, аммо давлат стандартидан ўтказилмаган термометр сояда 60 градусни кўрсатганига амин бўлибди.