“Ўзбекистон президенти Ислом Каримов Москвадаги жоме масжиднинг очилиш маросимига таклиф қилинди, деб ёзди ўзбек матбуоти. - Маросим 23 сентябрга – Қурбон ҳайити байрамига мўлжалланган”. Мазкур хабарнинг маҳаллий матбуотда ёритилиш шаклига кўра, Ислом Карим Путиннинг таклифини жон-жон деб қабул қилади ва Қурбон Ҳайити куни Кремлда бўлади. Афсуски, бу ташрифнинг мамлакатни Россиядаги қора меҳнати билан боқаётган мардикорларимиз тақдирига заррача фойдаси йўқ. Агар режимбошимиз ташрифи доирасида ўзбек мардикорларга шафоат келтирадиган бирор ҳаракат қилганида, унинг масжид очилишида қатнишишини оқлаш мумкин эди.
“Таклиф қилинганлар ичида Саудия Арабистони, Фаластин, Иордания, Қатар, Қувайт, Туркия, Қозоғистон, Қирғизистон, Озарбайжон, Туркманистон, Тожикистон, Эрон ва бошқа давлатлар раҳбарлари бор”, деб хабар қилмоқда “Известия” нашри. Газетага кўра, тадбирда АҚШ, Туркия, Ҳиндистон, Чад, Судан, Ливия ва Ироқ делегациялари ҳам иштирок этади.
Маълумки, Москва жоме масжиди Европадаги энг йирик масжидлардан бири бўлиб, 1904 йилда қурилган. Ҳозир уни бутунлай бошқатдан қуриб, қайтадан очишга тайёрлашмоқда. Реконструкция жараёнида унинг майдони 31.2 минг кв м гача кенгаяди. Эркак ва аёллар учун ибодат залларидан ташқари, унда конференц-зал ва кўргазма галереяси жойлашади. Жоме масжидининг янги биноси беш қаватли бўлади. У лифтлар ҳамда имконияти чекланган инсонлар учун барча қулайликлар билан таъминланади.