30 June 2015
02:34 - Ўзбек чегарачилари қозоғистонлик ўзбекни отиб ўлдирдилар
Қозоқларнинг Казинформ агентлиги билдиришича, Ўзбекистон чегарачилари Жанубий Қозоғистон (Чимкент – “Ҳаракат”) вилоятининг Ўзбекистон билан чагарасида Сирдарёда балиқ тутаётган икки қозоғистонликни ўққа тутганлар. Уларни бири ҳалок бўлган, иккинчиси тирик қолган.

Воқеа 28 июнь куни соат 21:50 да бўлибди. Олти фарзандли, 36 ёшли одам ўз ўртоғи билан моторли қайиқчада балиқ тутиш билан шуғулланаётганда, Ўзбекистон тарафидан тахминан 10 марта ўқ отилган, уларнинг иккитаси балиқчилардан бирини ўлдирган. Қозоғистон чегарачилари моторли қайиқ олдига келишганда, балиқчиларнинг бири ўлганини, иккинчисига ҳеч нарса бўлмаганини аниқлашибди. Қозоғистон тарафи текширувлар обораётгани ҳам хабарда айтилади.

Қозоқларнинг хабарига илова қилинган расмдан кўриниб турганидек, ўлдирилган балиқчининг миллати ўзбек. Унинг миллатини ҳам қўйиб туринг, тинч иш билан шуғулланаётган одамни ўлдиришни қандай баҳолаш мумкин? Бу – сўзсиз, жиноятдир.