Аввалги хабарларимиздан маълумки, “Бирлик” Партияси раиси Абдураҳим Пўлат, балки, замонавий тарихда биринчи марта, Россия-Гуржистон уруши натижаларига бағишланган мақоласида “Калининград Германияга, Курил ороллари Японияга қайтадими?” деган саволни кўтарганди. У ўз мақоласида Россия-Гуржистон уруши пайтида четда туришга ҳаракат қилган Германия ва Япония хато қилаётгани, агар улар Кёнигсберг (ҳозирги номи Калининград) ва Курил оролларидан ҳали ҳам умидлари бўлса, бу урушда яна ҳам яқинроқ Гуржистон тарафида бўлишлари кераклигини асослаб берган эди.
Ҳозир Россия-Украина уруши пайтида Германия ва Япония очиқдан-очиқ Украина тарафида туришгани – Абдураҳим Пўлат узоқни кўрабилганининг кўрсатгичидир. Унинг мақоласи Гуржистонда ва ҳатто ҳозир Россия ФСБнинг назорати остига ўтган Центразия.ру сайтида рус тилида эълон қилинганини ҳисобга олсак, Германия ва Япония расмийларига унинг мазмуни етказилган бўлишининг эҳтимоллиги катта.
Мана шу йўналишда ҳозир яна бир қадам бўлди. Япония Бош вазир Синдзо Абэ кеча Украинага келди. Хабарларда айтилишича, бу тарихда биринчи марта Япония раҳбарининг Украинага келиши экан. Владимир Путинга қандай шапалоқ урилганини ҳар ким тушунса керак.
Аммо, японлар Абдураҳим Пўлатга 2008 йили берган маслаҳатлари учун раҳмат айтишларини кутиш керакми? Ким билади, АҚШнинг Президенти Барак Обама Абдураҳим Пўлатга ислом терроризми билан кураш бўйича берган маслаҳатлари учун миннатдорчилик билдирдику, нега японлар бундан қочиши керак?
Бунинг устига АҚШдан яна бир қизиқ хабар бор. Reuters Агентлигининг хабарида айтилишича, Пентагон раҳбари Эштон Картер Ғарбниннг санкциялари ва бошқа ҳаракатлари Россия Президенти Владимир Путинни ўз йўлини ўзгартиришга мажбур қилолмаганини айтар экан, Путинни йўл ўзгартиришга мажбур қиладиган бошқа усуллар қидириш кераклигини айтибди.
“Ҳаракат” Агентлиги билдиришича, Абдураҳим Пўлат Барак Обамага ёзган хатида қуйидаги фикрларни ҳам айтган:
“АҚШдагилар Россиядан фарқли ўлароқ Ўзбекистоннинг Марказий Осиё ва ундан ҳам кенгроқ минтақадаги ролини тушунмадилар. 1992 йил февраль ойида Тошкентга келган ўша вақтнинг Давлат Котиби Жеймс Бейкер мен билан учрашгандан кейин, бу учрашувдан ғазабга келган Ислом Карим мени ўлдиришга ҳаракат қилиб ўлдиролмаганда, мени Тошкентдаги касалхонада АҚШ сенатори Ларри Преслер зиёрат қилгани ва АҚШга қайтгач, бу ҳақда Сенатда доклад қилгани, 2002 йили АҚШ Сенатида ўша пайтдаги Давлат котиби Колин Пауэлл доклад қилар экан, Ўзбекистонда “Бирлик” халқ ҳаракати ҳамма вилоятларда конференциялар ўтказаётганини тилга олгани - Ўзбекистонга, унинг асосий мухолиф ташкилотига эътибор борлигини кўрсатгандек бўлди. Аммо, эътибор систематик бўлмади, агар бўлса эди, Россия Украинада бунчалик агрессорлик кўрсатолмаган бўларди.”
Эштон Картер айнан шу фикрларга асосланаётганини тахмин қилиш мумкин. Пентаган Ўзбекистон ҳарбий кучлари билан ҳамкорлик қилишни, Давлат Департаменти ва АҚШнинг бошқа идоралари Ўзбекистонда демократик жараёнларнинг ривожланишига ёрдам беришни кенгайтирсалар, шуларнинг ўзиданоқ Путиннинг оёғи титраб қолган бўларди.