Ҳа, якшанба куни бўладиган парламент сайловлари Туркия учун ўта муҳим сиёсий воқеа бўлади. Шуни билатуриб, ҳар доим Турк Дунёсининг энг катта давлати Туркиядаги воқеаларни диққат билан кузатиб келаётган “Ҳаракат” Агентлиги шу кунларда нима учун Туркияни унутди?
Чунки, Туркия Конституциясини оёқ ости қилиб ва Туркияда президент рамзий сиёсий шахс эканлигига тупириб, оддий диктаторга айланган ва ҳокимиятдаги исломчиларнинг Адолат ва Тараққиёт Партиясини (АТП) сайловларда ғалабага олиб келиш учун ҳаракат қилаётган Президент Ражаб Эрдўғон ҳам, мухолифатдаги Отатурк тузган Жумҳурият Халқ Партиясиси, Алпарслон Туркеш тузган Миллиётчи Ҳаракат Партияси ва курдлар тузган Халқларнинг Демократик Партиялари ҳам, жиддий сиёсий кураш олиб боролмадилар. Ҳаммалари бир-бирлари билан арзимаган масалаларда жанг деб ҳам бўлмайдиган жанжаллар қилиш билан овора бўлдилар. Ички ва ташқи сиёсатга оид принципал муаммолар сайлов олди кампаниясининг ташқарисида қолиб кетди, дейиш ҳам мумкин.
Аввал ҳаммани ўтган йилдаги президент сайловларниннг биринчи туридаёқ 50 фоиздан кўп овоз олиб ғалаба қозонган Ражаб Эрдўғон бир маҳаллар ўзи тузган АТПни 7 июндаги парламент сайловларида ҳам шундай ғалабага олиб келиб, Туркияни исломлаштириш йўлида давом этадими, деган савол қизиқтирарди. Турли сўровномларнинг натижаларига кўра, бундай бўлмайди.
Кейин ҳаммани Халқларнинг Демократик Партияси 10 фоизлик тўсиқдан ўтиб, парламентга кироладими, курдлар ўз давлатларини яратиш йўлида жиддий қадамлар қилишга киришадиларми, деган савол қизиқтирарди. Аммо, ҳозир маълум бўлмоқдаги, Яқин Шарқда ўртага чиққан ИШИДга қарши ҳеч нарса қилолмаган курдларга эътибор камайди. Энди улар парламентга ўз партияларини киритолсалар ҳам ҳеч нарсага эришолмайдилар. Кеча Туркия курдларининг пойтахти деса бўладиган Диёрбақир шаҳри марказида Халқларнинг Демократик Партияси жуда катта сайлов олди митинги ўтказаётган пайтда номаълум кучлар тарафидан икки портлаш уюштирилиши, 3 киши ҳалок бўлиб, 200 га яқин киши ярадор бўлиши ва ўлганлар сони ортиши кутилаётгани ҳам сайловолди кампаниясида бурилиш нуқтаси бўлолмаслиги кўринмоқда.
Демак, Туркия учун бу сайловлар имтихон бўлишини, турк халқи исломчи партияга бўлган позициясини қайтадан кўриб чиқишга мажбур бўлишини кутиш керак. Аммо, Оттатурк кўтарган дунёвийлик байроғини маҳкам тутадиган замонавий партияларнинг коалицияси борми? Йўқ бўлса, сайловлардан кейин яратилиши керак.
Ҳозирча, 7 июнда бўладиган сайловларнинг натижаларини кутишдан бошқа чора йўқ.